Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ЕИ билан имзоланган реадмиссия ҳақидаги битимни ратификация қилди, у Шенген минтақаси билан визаларни беор қилиш учун зарур эди. Бу ҳақида ТАСС ахборот агентлиги маълум қилди. 

Битим расмий ҳукумат ахборотномасида эълон қилингандан сўнг кучга киради.

Парламент томонидан тасдиқланган қонун ЕИ ва Туркия томонидан ушбу ҳудудларда ноқонуний яшовчи шахсларнинг топширилишини кўзда тутади. Шунингдек, бу жараён билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш учун реадмиссия бўйича қўшма қўмита тузилади.

Мазкур битим виза режимининг олиб ташланиши учун асос бўлади. 18 мартда Брюсселда ўтказилган Туркия-ЕИ саммитида эришилган битимга мувофиқ жорий йилнинг 1 июлида визаларни бекор қилиш кўзда тутилган эди. 

3 май куни Туркияда Шенген минтақасидаги давлатлар учун визавий чекловларнинг бекор қилиниши ҳақидаги қонун кучга кирди. Бироқ қарорнинг матнида "Евроиттифоқ Туркия фуқаролари учун  визани бекор қилган вақтдан бошлаб" бундай чора кўрилиши қайд қилинган. Туркия Европа томонидан илгари сурилган 72 мезондан бештасини бажармагани туфайли ЕИ ҳозирча виза эркинлигини тўхтатиб қўйди.

Хусусан, Брюссель Анқарадан терроризм билан кураш ҳақидаги қонуннинг қайта ислоҳ қилинишини талаб қилмоқда. Туркия эса  мамлакатда ўсиб бораётган экстремизм хавфи билан фаол курашаётган бир пайтда қайта ислоҳ қилиш қонунчиликни юмшатишини билдириб, буни инкор этган. 

Туркиянинг ЕИ ишлари вазири Вулқон Бўзқир ЕИ раҳбарияти билан бўлиб ўтган суҳбатдан сўнг визаларни бекор қилиш масаласининг ижобий ҳал бўлишига катта умид боғламаслигини айтди.