Фарғонада ўтказиладиган олий ўқув юртлари талабалари ўртасидаги Универсиада мусобақаларининг финал босқичига Андижон вилояти ёшлари ҳам пухта тайёргарлик кўрмоқда. 

Ушбу мусобақаларда бу йил Андижондан 62 талаба-ёшлар иштирок этади, – дейди Андижон давлат университети жисмоний маданият факультети декани Ботир Носиров. – Спортчиларимиз мусобақаларга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрди. Жамоавий ўйинларда қўл тўпи бўйича қизлар, баскетбол бўйича ўғил болалар жамоаси, шунингдек, сузиш, енгил атлетика, бокс, стол тенниси, оғир атлетика, шахмат, таэквондо, дзюдо, эркин ва юнон-рум кураши  бўйича юқори натижаларга эришиш ниятидамиз. Спортчиларимизнинг шашти баланд, фақат ғалаба билан қайтишни режалаштирганмиз. 

Ушбу спорт тури бўйича Универсиада ўйинларида фақат ғолибликни кўзлаган Андижон вилояти жамоаси таркибида Раъно Омонова, Элмурод Холиқов, Ҳасанбой Дўстматов, Ферузбек Матисаев каби мамлакат ва халқаро миқёсдаги нуфузли мусобақаларда муваффақиятга эришган тажрибали спортчилар бор.