2016 йил 26-29 май кунлари Фарғона шаҳрида олий ўқув юртлари талабалари ўртасида – “Универсиада – 2016” мусобақаларнинг финал босқичи бўлиб ўтади. Унда Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан жамоалар спортнинг 15 та тури бўйича беллашади.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов айтганларидек, юртимизда шаклланган “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт ўйинларини ўз ичига олган уч босқичли ноёб тизимнинг бамисоли қудратли тўлқинга айланиб миллион-миллион болаларни ўз сафига қамраб олаётгани, уларнинг ҳам жисмоний, ҳам маънавий соғлом бўлиб улғайиши учун хизмат қилмоқда. Айниқса, бу тизимнинг юқори босқичи бўлган Универсиада мусобақалари ёшлар учун том маънода чиниқиш ва камолот мактабига айланган.

Универсиада ўйинлари 2000 йили Наманган вилоятида, 2002 йили Бухоро, 2004 йили Самарқанд, 2007 йили Тошкент шаҳрида, 2010 йили Андижон, 2013 йили Бухоро вилоятида ўтказилди. Дастлаб Универсиада мусобақалари 9та спорт тури бўйича ташкил этилган бўлса, бугунги кунга келиб спорт турлари 15 тага етди. Булар спортнинг баскетбол, волейбол, эркин кураш, юнон-рум кураши, дзю-до, таэквондо, енгил атлетика, оғир атлетика, теннис, стол тенниси, футбол, гандбол, шахмат, сузиш ва бокс турларидир.

Жорий йилда Фарғонада еттинчи маротаба ўтказилаётган талабалар ўртасидаги мусобақа том маънода гўзаллик ва спорт байрамига айланди.

Фарғона шаҳрида мазкур мусобақани юқори савияда ўтказиш учун аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, муайян ишлар амалга оширилди. Фарғона давлат университети, Фарғона политехника институти, Фарғона олимпия захиралари коллежида катта тайёргарлик кўрилди. Спорт заллари замон талаблари асосида таъмирланиб, жиҳозланди. Фарғона давлат университетида 3 минг 200 ўринли футбол майдони, ёпиқ сузиш ҳавзаси, учта волейбол майдони ва енгил атлетика йўлаклари қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Мусобақа иштирокчиларининг яшаши, овқатланиши ва мазмунли дам олиши учун қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Фарғона давлат университети ва Фарғона политехника институтининг талабалар турар жойи бинолари замонавий таъмирдан чиқарилди.

Вилоят марказида кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиб, хиёбон ва кўчаларда гулзорлар ташкил этилди. Фарғона, Маърифат, Мураббийлар каби марказий кўчалар замонавий архитектура талаблари асосида таъмирланиб, қарийб 5 километрлик йўл реконструкция қилинди. Барча кўчаларга Универсиада, спорт, ёшликни тарғиб этувчи паннолар, шиорлар ўрнатилди.

Спорт мусобақаларида 1068 нафар спортчи ва мураббийлар, 155 нафар ҳакамлар ҳамда юртимизнинг машҳур спортчилари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашиши режалаштирилган.

Спорт мусобақалари 12та спорт иншоотларида ўтказилади.

Мусобақалар жараёнида маданий-маърифий тадбирлар дастурига асосан вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида машҳур санъаткорлар иштирокида байрам шодиёналарини ташкил этиш режалаштирилган.

Шунингдек, Универсиада иштирокчилари ва меҳмонларининг Фарғона ва Марғилон шаҳарларида жойлашган тарихий обидалар, музейлар, театрлар ҳамда янги барпо этилган иншоотлар билан танишишлари ҳам амалга оширилади.

Маълумки, спорт мусобақалари очилишида ёқиладиган машъала Паркент туманидаги Қуёш иншооти табиий нур қуввати билан ёқилади. Айни кунларда Универсиада машъаласи Паркентдан Фарғона шаҳригача келадиган йўл харитаси тузилди. Машъала маршрути масофаси 364,5 км бўлиб, шундан 338,5 км автомобиль ва 26 км спортчилар эстафетаси ташкил этади. Тошкент, Наманган, Андижон вилоятлари ва Фарғона вилояти ҳудудларида машъала шарафига кенг жамоатчилик иштирокида маданий-маърифий тадбирлар ўтказилади. Машъалани элтадиганлар орасида спортчи ёшлар билан бир қаторда Фарғонанинг Данғара тумани, Қўқон шаҳри, Учкўприк, Бағдод, Риштон, Олтиариқ туманларида яшовчи таниқли инсонлар, спорт ва меҳнат фахрийлари ҳам бор. Кўнгиллилар машъала ўтадиган кўчалардаги аҳолини бу ҳақда хабардор қилдилар.

Универсиада мусобақаларида нафақат спортчилар сони ошмоқда, балки қўлга киритилган медаллар сони, мамлакат рекордлари ўрнатилмоқда. Ўзбекистоннинг бокс, эркин ва юнон-рум кураши, дзюдо, шахмат, бадиий гимнастика, оғир атлетика бўйича спорт мактаблари тарбияланувчилари халқаро мусобақаларда ўз маҳоратларини яққол намоён этиб, бу борада мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар нечоғлик тўғри эканлигини исботлаб беришмоқда.

Ўзбекистонда жорий этилган уч босқичли спорт мусобақаларида қатнашиб, кейинчалик халқаро майдонларда ўзини кўрсатган спортчилардан дзюдо бўйича икки карра жаҳон чемпиони, Пекин ҳамда Лондон Олимпиа ўйинлари совриндори Ришод Собиров, жаҳон чемпионати совриндори Дилшод Чориев, ўзбек спортчи қизлари орасида биринчи халқаро гроссмейстер Нафиса Мўминова, Осиё ўйинлари совриндори, Халқаро шахмат федерацияси устаси Нодира Нодиржонова, белбоғли кураш бўйича уч карра жаҳон чемпиони Рустам Умаров, енгил атлетика бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Светлана Радзивил, Осиё ўйинлари ғолибаси Юлия Тарасова, сузиш бўйича кўплаб рекордлар соҳибаси Рано Амонова, Юлдуз Қўчқорова, бадиий гимнастика бўйича ўсмирлар ўртасида халқаро мусобақа ғолибаси Азиза Мамажонова бугун ёшларнинг фахрига айланишган.

Мамлакатда соғлом авлодни вояга етказишда жисмоний тарбия ва спортнинг ролини ошириш, бу борадаги мавжуд моддий-техник база ва кадрлар салоҳиятини жаҳон стандартлари асосида янада мустаҳкамлаш, энг муҳими, спортга меҳр ҳар бир бола, ҳар қайси оила ҳаётига чуқур кириб боришига эришиш борасидаги амалга оширилган чора-тадбирлар, чуқур ўйланган ислоҳотлар самараси бугун спортчиларимизни қўлга киритган ютуқ ва ғалабаларида ўз аксини топмоқда.

Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ана шундай баркамол авлодни вояга етказишда муҳим ўрин тутмоқда. Жамғарма ташкил этилганидан буён мамлакатимизда 2000 га яқин спорт объектлари барпо этилди ва қайта реконструкция қилинди. Улар замонавий спорт жиҳозлари ва анжомлари билан таъминланди. Бу, шубҳасиз, болаларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиб, саломатлигини мустаҳкамлаши, ёшларимизнинг жаҳон майдонларида улкан ютуқларни қўлга киритиши, халқаро миқёсда Ватанимиз нуфузининг янада ошишига замин яратди. Бугун мамлакатимизда 2 миллиондан зиёд бола спортнинг 59 тури билан мунтазам шуғулланмоқда. Бу 2003 йилга солиштирганда қарийб 1,5 бараварга кўп демакдир.

Айтиш лозимки, спортчиларнинг ғалабалари спортни кенг оммалаштиришда муҳим ўрин тутади. Халқаро мусобақаларда ғолиб бўлиб, байроғимизни баланд кўтариб, қувончдан кўзига ёш олган йигит-қизларни кўрганда ота-оналарда, болаларда ҳам спортга ҳавас уйғонади. Бундай ғалабалар Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўйини янада оширишга хизмат қилади. Ёшларда ватанпарварлик, фидойилик туйғулари янада мустаҳкам қанот ёзади. 

Универсиада ўйинларига тайёргарлик кўриш жараёни ва мусобақалар давомида унинг ишини ёритиб борадиган веб-сайт гуруҳи ташкил этилган. Универсиадага тайёргарлик, унинг иштирокчилари, мусобақалар ўтадиган манзиллар ва бошқа маълумотлар билан веб-сайт орқали танишиш мумкин.
www.universiada-2016.uz

Мусобақа арафасида ва унинг тезкор натижалари тўртта хорижий тилларга таржима қилиб бутун дунёга тарқатиб турилади.

“Универсиада-2016” ўйинлари матбуот хизмати