Франция Ҳарбий ҳаво кучларининг Ўрта Ер денгизи ҳудудида Яқин Шарқ ва Африка шимолидан муҳожирларнинг кемалари ҳаракатини кузатиш билан шуғулланадиган Falcon самолёти Мисрнинг А320 самолётини қидириш ишларига сафарбар этилди. Бу ҳақда "Интерфакс" агентлиги хабар тарқатган.

Франция армияси вакили Жиль Жароннинг маълум қилишича, воқеа рўй бергани тахмин қилинган ҳудудга французларнинг яна бир самолёти ва кемаси юборилган.

Бундан олдинроқ, Франция раҳбари Франсуа Оллан бортида 66 киши бўлган EgyptAir авиакомпанияси самолёти Париждан Қоҳирага учиш вақтида Ўрта Ер денгизи ҳудудида ҳалокатга учрагани тўғрисидаги маълумотни тасдиқлади.

A320 лайнери бортида 56 нафар йўловчи ва 10 экипаж аъзоси бўлган. Йўловчилар орасида 30 нафари Миср, шунингдек, 15 — Франция, 2 — Ироқ, бир нафардан — Буюк Британия, Бельгия, Қувайт, Саудия Арабистони, Судан, Чад, Португалия, Жазоир ва Канада фуқаролари бўлган.