"Ўзбекозиқовқатхолдинг" холдинг компанияси 2016-2020 йилларда умумий ҳажми 596 миллион долларлик 180та инвестиция лойиҳасини амалга оширишни режалаштирмоқда. 

Улардан 74та лойиҳа 163 миллион доллар қийматга эга хорижий инвестиция ва халқаро молия муассасалари кредитлари ҳисобидан амалга оширилади.

Компания маълумотларига кўра, 2016 йилда умумий қиймати 428,7 миллион долларлик 108та лойиҳани амалга оширишни бошлайди, бу йўналишда фаол иш олиб борилмоқда. 21та лойиҳа бўйича смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда, 12та лойиҳа учун маҳаллий ҳокимият томонидан ер майдонлари ажратилди, 22та лойиҳанинг ташаббускорлари қурилиш ишларини йўлга қўйишди, 17та лойиҳа бўйича ускуналарни танлаш ва уларни етказиб бериш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

"Ўзбекозиқовқатхолдинг" холдинг компанияси мева ва сабзавотларни сақловчи, қайта ишловчи ва экспорт қилувчи савдо-логистик марказларини яратишни режалаштирмоқда. 

Бугунги кунга келиб республикамизнинг 11та вилоятида (Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона, Хоразм) лойиҳалар ташаббускорлари аниқланди, ҳокимият томонидан ер майдонлари ажратиб берилди, лойиҳа смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, уларни молиялаштириш ҳамда технологик ускуналарни танлаш ишлари бошланди.