Франция раҳбарияти АҚШнинг Европада барпо этаётган ракеталарга қарши мудофаа (РҚМ) тизими бошқарувини НАТОга топширишни маъқулламаяпти, деб ёзмоқда The Wall Street Journal газетаси. 

Исмини ошкор қилмаган француз мулозимининг сўзларига кўра, расмий Парижнинг бу қарори, Россиянинг ушбу масаладаги қараши билан боғлиқ эмас, балки тизимни ҳақиқатдан ҳам АҚШ ўрнига фақат мудофаа альянси бошқариши борасида кафолатнинг йўқлиги, француз раҳбариятини ташвишга солмоқда. Бундан ташқари, Париждагилар, у қўлланилган тақдирда жавобгарликнинг чегаралангани борасида ҳам хавотирларини билдирмоқда. 

WSJ нашрининг изоҳ беришича, баллистик ракета парвозининг қисқа муддат давом этиши, қўмондонликнинг зудлик билан қарорлар қабул қилишини талаб этади. АҚШ вакилларининг баёнотларига кўра, тизим бошқаруви альянсга ўтиши билан НАТО қоидалари унга ҳам жорий қилина бошланади. 

Расмий Вашингтоннинг билдиришича, НАТО мамлакатлари июль ойида Варшавада бўладиган саммитидан аввал тизимга оид муҳим масалалар борасида келишиб олмаса, расмий Москва буни заифлик деб баҳолаши мумкин. Альянс расмий вакилларининг фикрича, балки назорат функциялари, бу масалада келишиб олингач, ташкилот ихтиёрига топширилиши мумкин. 

"Ракета ҳужумларига қарши мудофаа тизимларининг асосий бўғини Руминиядаги уриб тушириш базаси, Туркиядаги нишонга олиш радари ва Американинг Испаниядаги эсминеци ҳисобланади. Бундан ташқари, НАТО маблағлари ҳисобига Германияда барпо этилган РҚМ тизими маркази Рамштайн авиабазасида жойлашган. Умуман, мазкур иншоот 2023 йилда оператив шай ҳолатга келади", деб мақоласини якунлайди WSJ.

Россия ташқи ишлар вазирлиги эса, АҚШ РҚМ тизимининг Руминияда жойлаштирилишини, ўрта ва кичик масофаларга учадиган ракеталарни йўқ қилиш шартномасининг бузилиши деб баҳолаган эди.