Илгари хабар берилганидек, айни кунларда Корея Республикаси Бош вазири Хван Гё Ан расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди. 

Жанубий Корея ҳукумати раҳбари, ўз ташрифи арафасида “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири суҳбатдоши бўлган.

Бош вазир мухбирнинг “ҳозирги пайтда турли соҳалардаги Ўзбекистон - Корея қўшма лойиҳалари муваффақият билан амалга оширилмоқда. Сургъил конида барпо этилган Устюрт газ-кимё мажмуаси улардан бири ҳисобланади. Ушбу мажмуанинг ноёблиги ва икки мамлакат учун аҳамияти нимада деб ўйлайсиз?”, деган саволига қуйидагича жавоб қайтарган.

“Ушбу саноат гиганти қурилишининг якунланиши маросимида иштирок этиш менга катта мамнуният бағишлайди. Уни Корея-Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлигининг янги “чақиримларни кўрсатадиган устуни” деб аташ мумкин. У ўзининг кўламлари билан ҳақиқатан ҳам мега-лойиҳадир: ётқизилган сармоя ҳажми қарийб 4 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. 

Бу лойиҳа ҳамкорликнинг янги модели бўлгани туфайли ҳам алоҳида қимматга эгадир. У хом ашё ресурслари экспортидан қўшма ишлаб чиқаришга ўтишни ва юқори қўшимча қийматли маҳсулотларни ташқи бозорларга етказиб беришни кўзда тутади.

Шуни алоҳида қайд этишни истардимки, 2014 йиль апрелида шахсан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Устюрт газ-кимё мажмуасига келдилар. Биз бундай қизиқиш ва эътиборни катта мамнуният билан қабул қиламиз. Бу лойиҳанинг амалга оширилишига жалб этилган ишчиларга ҳам кўтаринки руҳ бағишлайди. 

Объект қурилиши якунланишига бағишланган маросимда Жанубий Корея ва Ўзбекистон ҳукуматлари вакилларининг иштироки бу лойиҳага қаратилаётган алоҳида эътибордан далолат берибгина қолмай, томонларнинг ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтиришга бўлган қатъий хоҳиш-иродаси ва интилишини ҳам кўрсатади. Келажакда ҳам бундай ташаббусларни амалга ошириш, шунингдек, Қандим газни қайта ишлаш мажмуасининг барпо этилишида иштирок этиш режалаштирилмоқда.