Тошкент вақти билан соат тунгги 02:00 дан бошлаб Қозоғистонда бир қанча йирик ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар, жумладан, Facebook, Twitter, «ВКонтакте», WhatsApp, Viber ва YouTube ишламай қолди. Telegram бир ишлаб, бир ишламай турди. Бу ҳақда Олма-ота аҳолиси маълум қилган.

Воқеа сабабига аниқлик киритилмаган. Аммо буни 21 май куни Қозоғистонда ер ислоҳотлари юзасидан ўтадиган митинг билан боғлашмоқда.

Маҳаллий аҳоли вакилидан бирининг гувоҳлик беришича, Тошкент вақти билан 02:00 дан 03:00 гача Инстаграм ва «Мой мир» платформалари ишлашдан тўхтаган. Кейинги соатларда эса Олма-Отада интернетнинг ўзи умуман ишламай қолган. Қозоғистон пойтахти Остонада эса, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар ишлашдан тўхтаган. Айрим сайтларга мобиль илова орқалигина киришнинг имкони бўлган.

Сўнгги ойларда 21 май куни ер ислоҳотлари юзасидан ўтадиган митинг ҳақидаги маълумотлар ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарғиб этилаётган эди.