Бугун 20 май куни Москва ва Россиянинг бошқа шаҳарларида "Ишга велосипедда" акцияси бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақида ТАСС ахборот агентлиги маълум қилди.

Ташкилотчилар велосипедда саёҳат уюштириш, танловларда иштирок этиш, махсус таклифлардан фойдаланиш ва эрталабки автомобиллар тирбандлигини ҳар бир инсонга болаликдан таниш бўлган ҳузурбахш туйғуга алмаштиришга шароит яратишди. 

Акция илк маротаба 2014 йилда Москвада ўтказилган. 2016 йилда эса Санкт-Петербург, Екатеринбург, Воронеж, Краснодар, Астрахань, Брянск, Магадан, Владивосток, Новосибирск, Курск, Тюмень каби шаҳарлар пойтахтдан ибрат олишди. 

Пойтахтнинг транспорт бошқармасида бугун акция қатнашчилари учун шаҳар велосипед ижараси хизматларида махсус тарифлар йўлга қўйилгани тўғрисида хабар берилди, баъзи велосипед устахоналари, кафе ва гўзаллик салонлари велосипедда ташриф буюрган кишилар учун чегирмалар тақдим этмоқда. 

Владимир вилояти администрациясининг матбуот хизматида губернатор Светлана Орлова "Ишга велосипедда" акциясини қўллаб-қувваталаётганини билдиришди. 

Новгород вилояти губернатори Сергей Митин минтақавий ҳукумат мажлисига икки ғилдиракли байкда келганини унинг матбуот котиби Елена Пилосова маълум қилди.