Ҳар бир миллат учун ўз она тили азиз, мўътабар ва гўзалдир. Ҳар бир миллат тилида унинг маънавий-руҳий олами акс этади. Адабиёт эса миллат тилининг имконияти, бойлиги, нафосатини намойиш этадиган санъатдир. Шу маънода тил ва адабиёт бир тан, бир жонки, уларни алоҳида тасаввур этиш мумкин эмас. Миллий тил ва адабиётнинг ривожи миллатнинг маданий равнақига хизмат қилади.

Президентимизнинг 2016 йил 13 майдаги «Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида»ги фармони мамлакатимиз маънавий-маърифий, маданий ҳаётидаги муҳим воқеалардан бўлди. Фармонда она тилимиз ва адабиётимиз тарихи, замонлар силсиласида бошидан ўтказган синовлар, буюк боболаримиз қолдирган мерос қадри ҳақидаги кенг қамровли фикрларни ўқиб, киши беихтиёр ўйга толади, она тилимизни асраб-авайлаш, унинг қонун-қоидаларига амал қилиш, нуфузини ошириш учун масъуллик туйғусини янада чуқур ҳис этади.

Она тилимиз эрки учун узоқ йиллар курашиб келинди, қанча-қанча аждодларимиз бу улуғ ишга ҳаётини бағишлади. Ниҳоят, республикамиз раҳбари Ислом Каримов ташаббуси билан 1989 йилда халқимизнинг орзу-армонлари ушалди. «Давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Адолат тикланди. Бу тарихий воқеадан миллатимизнинг ғурури осмон қадар юксалди.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, тилимиз, адабиётимиз ривожи учун беқиёс имкониятлар эшиги очилди. 1993 йилда «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги қонун, 1995 йилда «Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг янги таҳрири, 1996 йили ушбу қонунни амалга оширишга қаратилган давлат дастурига тегишли ўзгартишлар киритиш ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг қарори ва шу каби бошқа ҳужжатлар қабул қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг «Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида»ги фармони она тилимиз ва адабиётимизни ривожлантириш йўлидаги улуғ ишларнинг мантиқий давомидир.

Тил ва адабиёт миллатни дунёга танитади. Адабиёт миллат қалбининг кўзгуси, эзгу ниятлари, орзу-армонларини акс эттирувчи санъат. Бошқача айтганда, миллатларни бир-бири билан таништирадиган, уларни яқинлаштирадиган қудратли кучдир. Бугун тез ўзгараётган дунёда, глобаллашув жараёнлари чуқурлашиб бораётган, турли бузғунчи ғоялар миллий қадриятларимизга, маънавиятимизга таҳдид солаётган бир шароитда она тилимиз ва адабиётимизни янада ривожлантириш, унга ёшларнинг меҳрини ошириш жуда муҳим аҳамиятга эга вазифадир.

Ўзбекистон Конституциясида мамлакатимизда яшаётган барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилиниши, уларнинг ривожланиши учун шароит яратилиши кафолатланган. Бунинг амалдаги исботига исталганча мисол келтириш мумкин. Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон Байналмилал маданият маркази таркибида 140 га яқин миллий маданий марказлар фаолият олиб бормоқда.

Қадимда ҳам бизнинг заминимизда турли миллат вакиллари баҳамжиҳат яшаб, бир-бирларининг тилларини яхши билган, ҳурмат қилган. Ота-боболаримиз бир неча тилда сўзлашган ва ижод қилган.

Мамлакатимизда ўзбек тили билан бир қаторда бошқа миллатлар тилига берилаётган эътибор миллатлараро аҳиллик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда.

Ушбу фармоннинг халқимиз маданий ҳаётидаги аҳамияти ғоят катта. Бу тарихий ҳужжат маданий-маърифий ҳаётимиздаги кўпдан-кўп масалаларни ҳал этади, она тилимиз ва адабиётимизнинг қаддини янада кўтаришга, ривожланишини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Бугун ўзбек тили дунёнинг кўплаб мамлакатларида катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Президентимиз фармонида қўйилган вазифалар ижроси энг қадимий тиллардан бўлган она тилимиз дунёнинг етакчи тиллари қаторидан жой олишида муҳим омил бўлади.

Тилимиз ва адабиётимизни янада ривожлантиришга қаратилган ушбу фармоннинг аҳамияти беқиёс. Бу ҳужжат мамлакатимизда яшаётган барча миллат ва элатларнинг манфаатига хизмат қилади.