Ўзэкспомарказда "Ўзбекистон нефть ва гази -OGU-2016" номли йигирманчи халқаро кўргазмаси доирасида "Ўзбекистоннинг нефть соҳаси: технологиялар, инвестициялар ва тараққиёт" халқаро конференцияси бўлиб ўтди. 

"Ўзбекнефтгаз" Миллий холдинг компаниясининг "ITE Uzbekistan" ва "ITE" компаниялари гуруҳи билан ҳамкорликда ташкил этган форумида деярли ўттизта мамлакатдан ташриф буюрган тўрт юздан ортиқ олим ва мутахассис иштирок этишди. 

Конференцияда "Ўзбекнефтгаз" Миллий холдинг компаниясининг бошқарма раиси А.Султонов, Еврокомиссиянинг энергетика масалалари бўйича вице-президенти М. Шефчович ва бошқалар Президент Ислом Каримов раҳбарлиги остида иқтисодиётнинг кўп тармоқларида , шу жумладан, нефть-газ саноати соҳасида ўтказилаётган изчил ислоҳотлар ўзининг юқори натижаларини бераётганини алоҳида  таъкидлашди.

Ўзбекистон углеводородларнинг катта заҳирасига эга. Нефть-газ саноатида янги биноларнинг қурилиши, жорий корхоналарни реконструкция ва модернизация қилиш динамик суратда давом этмоқда. Етакчи дунё инвесторлари иштирокида ўнлаб юксак технологияли лойиҳалар амалга оширилмоқда. 

"Ўзбекнефтгаз" бир неча йил мобайнида "Лукойл", "Газпром", "Петромаруз" (Россия), "KNOC", "Kogas", "Lotte Chemical" (Корея Республикаси), CNODC (Хитой), "PetroVietnam" (Вьетнам), "Sasol" (Жанубий Африка Республикаси) каби илғор компаниялар билан муваффақиятли ҳамкорлик қилиб келмоқда. 

"Ўзбекнефтгаз" МХК корхонаси Фанлар академияси институтлари ҳамда мамлакатимиздаги олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда янги технологияларни жорий этиш бўйича кўплаб лойиҳаларни амалга оширмоқда. 2015-2019 йиллар давомида "Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компанияси билан ҳамкорликда 54та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган. Жорий йилда 20,6 миллиард долларлик яна 38та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда. 

Конференцияда нефть саноатининг ривожланишида устувор йўналишлар, замонавий технологияларни кенг татбиқ этиш, соҳага инвестицияларни жалб қилиш, хизматлар соҳасининг такомиллаштирилиши каби масалалар муҳокама қилинди.