НАТО 2017 йилнинг бошида 1 млрд долларлик янги бош қароргоҳга кўчиб ўтади. Бу ҳақда НАТО бош қароргоҳидаги манба маълум қилди, деб хабар бермоқда ТАСС ахборот агентлиги. 

"Биз кейинги йил бошида кўчиб ўтишни мўлжалламоқдамиз, бироқ бу биринчи ойда бўлиши даргумон", деб айтди манба.

Унинг айтишича, бу жараён босқичма-босқич кўринишда бўлади ва яқин орада бошланади.

НАТОнинг қурилаётган янги мажмуаси ташкилотнинг ҳозирги бош қароргоҳи жойлашган Брюсселдаги Леопольд Учинчи сайилгоҳининг нариги томонида жойлашган.

Бу катта ярим айлана шаклидаги ойнаванд бино бўлиб, 41 гектар майдонни эгаллайди, унинг ишчи майдони 245 минг квадрат метрни ташкил қилади. Мажмуада НАТО давлатлари ва ҳамкор давлатлар миссиялари жойлашади. Бинода бир вақтнинг ўзида 4 мингдан кўпроқ одам ишлайди.

Бино электрни тежаш, алоқа ва коммуникациялар ва бинони жисмоний ҳимоя қилиш соҳасидаги янги технологиялардан фойдаланган ҳолда қурилган. Унинг лойиҳавий қиймати 1 млрд долларни ташкил қилади.

Янги бош қароргоҳнинг яратилиши ҳақидаги қарор 1999 йилда қабул қилинган, қурилиш ишлари 2010 йилда, тендер ўтказилгандан кейин бошланган.