22 май кунига ўтар кечаси Австрия ғарбида юз берган отишма туфайли 2 киши ҳалок бўлиб, 11 киши жароҳатланган. Бу ҳақда АР манбасига асосланган ҳолда «Интерфакс» хабар тарқатган.

Қайд этилишича, бу ҳодиса Форарльберг федерал еридаги Ненцинг коммунаси ҳудудида содир бўлган. Гувоҳларнинг маълумотига кўра, 27 ёшли эркак мотоциклчиларнинг очиқ осмон остида ташкил этилган концерти бўлиб ўтаётган вақтда рафиқаси билан жанжаллашиб қолган ва машинасидан қуролини олиб, қўшни майдончада йиғилган мотоциклчиларга ўқ ёғдира бошлаган. Концерт ҳудудига 150 киши йиғилган эди.

Охир-оқибат бу шахс ўз жонига қасд қилган. Унинг рафиқасига шикаст етмаган.