Туркия ҳукмрон партияси бўлмиш Адолат ва тараққиёт партияси делегатлари 22 май куни навбатдан ташқари съезди якунлари бўйича Биноли Йилдиримни ўзларига янги раис этиб сайлашди. Бу ҳақда Associated Press хабар тарқатган.

60 ёшли Йилдирим Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг яқин сафдоши ҳисобланади ва у аввалдан бу лавозим учун асосий номзод сифатида кўрилаётганди. У эндиликда 2 ҳафта олдин Туркия бош вазирлигидан истеъфо берган Аҳмад Довутўғлининг ўрнини эгаллайди.

АР нашрининг қайд этишича, Довутўғлидан фарқли ўлароқ Йилдиримда Эрдўған билан фикрлар борасида қарама-қаршилик йўқ.

Аҳмад Довудўғли 2014 йилнинг августида Туркиядаги илк президентлик сайловларида Ражаб Тойиб Эрдўған ғалаба қилиши ортидан унинг ўрнига ҳукмрон партияга раҳбар бўлганди.

Жорий йилнинг 5 майида Довутўғли президент билан келишмовчиликлар фонида ўз истеъфоси ҳақида маълум қилди.

Туркиядаги сиёсий анъанага кўра, ҳукмрон партия раҳбари мамлакат бош вазирига айланади.