Икки альпинист дунёнинг энг баланд чўққиси Эверестни забт этиш вақтида ҳалок бўлдилар. Бу ҳақда Nepal Mountaineering Association’га иқтибос келтирган ҳолда Deutsche Welle маълум қилди.

Фожиа голландиялик экстремал Эрик Арнольд ва австралиялик аёл альпинист (номи маълум қилинмаган) Эверестдан тушаётганларида юз берган.

Тахминларча, улар баландликда кислород етишмаслиги оқибатида келиб чиқадиган "тоғ касаллигидан" ҳалок бўлганлар. ОАВнинг маълум қилишича, улар "ўлим ҳудуди" деб номланувчи, яъни ҳаво максимал даражада кам бўлган ҳудудга тушиб қолишган.

Альпинистларнинг ўлими жорий мавсумда Эверестда юз берган биринчи фожиали ҳодиса бўлди. Ўтган йили 19 нафар альпинист зилзила таъсирида юз берган қор кўчкиси оқибатида ҳалок бўлганидан кейин чўққига кўтарилиш тақиқлаб қўйилганди. Тоғ жойлашган Непал ҳукумати унга кўтарилишга яқинда яна рухсат берганди.