Google компанияси ўз мухлисларини бозорга инновацион модулли смартфон чиқариши ҳақидаги янгилик билан хурсанд этди. Бу ҳақда Google I/O 2016 анжуманининг охирги куни маълум қилинди. Компания ходимлари Project Ara лойиҳаси доирасида лойиҳаланган қурилманинг ишчи намунасини намойиш қилди.

Тақдимот вақтида Google муҳандиси камера модулини алмаштирди ва сурат олди. Бунда қурилмани қайта юклашга ҳожат бўлмаган. Баъзи модулларни корпусдан овозли буйруқ билан узса бўлади, бунинг учун "OK, Google, (камерани) олиб ташла" дейиш кифоя қилади. Фойдаланувчилар модулли тизим эвазига ўз қарашларидан келиб чиқиб смартфонни ўзлари мустақил такомиллаштиришлари мумкин. Мисол учун, тезкор хотирани ошириш, юқори сифатли камера, кучлироқ процессор ва каттароқ сиғимдаги аккумулятор ўрнатишлари мумкин.

Таъкидланишича, янги конструкция бир қурилмада Project Ara’нинг 6та модулигача қўллашни кўзда тутади, шу билан бирга уларни жойлари билан алмаштириш мумкин бўлади. Google смартфонларни ишлаб чиқарувчилар учун шу куздаёқ етказиб беришни бошлайди, қурилманинг сотувга мўлжалланган ечилувчи модулли версияси 2017 йилда – режалаштирилгандан икки йил кейин пайдо бўлади.