Сицилиянинг Кальтаниссетта провинцияси полиция раҳбарига унинг ходимлари кундан-кунга кўпроқ шикоят билан мурожаат қилмоқда. Бунга уларнинг инглиз тилини етарли даражада билмасликлари туфайли ўз ишларини самарали бажара олмаётганлари сабаб бўлмоқда

Марказий Сицилия тоғларида жойлашган шаҳарга ҳар йили минглаб хорижлик сайёҳлар ташриф буюради, шунингдек, беҳисоб қочқинлар ҳам келади. 

Бироқ маҳаллий полиция вакиллари инглиз тилини етарли даражада билмагани туфайли уларга зарур кўмак кўрсата олмайди. 

Полиция раҳбари ёрдам сўраб шаҳар мэри Жованни Руволога мурожаат қилди. У эса масалага жуда оддий ечим топди. Энди зарур билим даражасига эга ёки ўз юртида ўқитувчи бўлиб ишлаган қочқинлар полиция офицерларидан 74 нафарига 30 соатлик инглиз тили машғулотлари ўтказади. 

Кальтаниссетта мэрининг фикрича, бу нафақат маҳаллий полициячиларнинг тил билан боғлиқ муаммосини ҳал этади, балки Италияда бошпана излаётган қочқинларнинг жамиятга сингиб кетишида ҳам ёрдам беради.