Куннинг иккинчи ярмига келиб Тожикистонда мамлакат конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдумда сайловчиларнинг 66,6 фоизи иштирок этди. Бу ҳақда Тожикистон Марказий сайлов комиссиясига асосланиб, РИА Новости хабар тарқатди.

"Референдум бўлиб ўтган деб ҳисобланади. Бунинг учун референдумда овоз берган сайловчилар сони 50 фоиздан ортиши етарли бўларди. Ҳозирга келиб мамлакатнинг сайлаш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларининг 66,6 фоизи сайловда иштирок этиб бўлди", дейди Тожикистон МСК раиси Бахтиёр Худоёрзода.

Овоз бериш жараёни кечки соат 20:00гача давом этади.

Тузатишлар амалдаги давлат раҳбари Эмомали Раҳмонга Тожикистон президентлигига номзодини чекловларсиз қўйиш имкониятини беради. Президентликка номзодлар учун энг кичик ёш 35дан 30гача пасайтирилишини назарда тутади. Шунингдек, мамлакат ҳудудида миллий ва диний тамойилларга кўра сиёсий уюшмалар, партиялар ташкил этилишига тақиқ жорий этилади.

Бундан олдинроқ, Тожикистон конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдумда 3 соат ичида сайловчиларнинг учдан бир қисми овоз бериб бўлгани ҳақида хабар берилганди.