NYT: Ҳалокатга учраган A320 самолёти бортига таҳдидона сўзлар битилганди

Жаҳон 22 Май 2016 7435

EgyptAir авиакомпаниясининг 19 май куни Ўрта Ер денгизида ҳалокатга учраган A320 самолёти бортининг ташқи қисмига "Мусулмон биродарлар" террористик гуруҳи аъзолари 2 йил аввал таҳдидона сўзлар битишганди. Бу ҳақда The New York Times газетасининг электрон версиясида маълум қилинган.

Хабарда ёзилишича, ўшанда аэропортнинг "Мусулмон биродарлар" ташкилотига аъзо бўлган ходимлари томонидан бортга араб тилида "Биз бу самолётни қулатамиз" дея ёзиб қўйилганди.

Аэропорт қўриқчилари бўлган бу ходимлар Мисрдаги 2013 йилги сиёсий талатўплар вақтида Муҳаммад Мурсийнинг ҳокимиятдан четлатилиши вақтида унинг тарафдори бўлишган.

Бу воқеадан кейин EgyptAir авиакомпанияси террорчи ташкилот аъзоси экани аниқланган бир қатор ходимларини ишдан бўшатган. Бундай ҳолат бошқа авиакомпанияларда ҳам рўй берган.

Нашр хабарида ёзилишича, EgyptAir авиакомпаниясининг ҳар бир рейсида хавфсизликни таъминлаш мақсадида 2 нафардан қўриқчи учган. Ҳалокатга учраган А320 бортида эса бундай ходимлар сони 3 нафар эди. Бу сафар хавфсизлик меъёрлари кучайтирилгани сабабига аниқлик киритилмаган.

Эслатиб ўтамиз, MS804 рейси билан Париждан Қоҳирага учаётган EgyptAir авиакомпаниясининг Airbus A320 самолёти 19 май тонгида Ўрта Ер денгизи устида радарлардан ғойиб бўлган эди. Унинг бортида 66 киши бўлган. Кейинроқ денгиздан самолёт бўлаклари топилди.

Мусулмон биродарлар ташкилоти. Досье

Мусулмон биродарлар ташкилоти - ("ал-Ихвон ал-муслимун") — диний- сиёсий ташкилот. 1928 йили Мисрнинг Исмоилия шаҳрида 22 ёшли ўқитувчи, кейинчалик шайх Ҳасан ал-Банно (1906—1949) томонидан тузилган. Унинг сиёсий қарашлари Муҳаммад ал-Ғаззолий, Муҳаммад Абду, Жамолиддин ал-Афғоний, Рашид Ризо каби панисломий модернистларнинг таъсирида шаклланган. У исломнинг суннийлик оқими таълимотидан четга чиқмаган ҳолда "жиҳод", "исломий миллиятчилик", "исломий давлат" концепцияларини ишлаб чиққан. Саййид Қутб, Мустафо ас-Сибои ташкилотнинг таниқли мафкурачилари бўлган. Саййид Қутбнинг "Исломда ижтимоий адолат" асари уюшма таълимотининг шаклланишига катта таъсир кўрсатди. Ташкилотнинг мақсади мусулмон ўлкаларда "исломий адолат" тамойилларига асосланган жамият барпо этишдан иборат. Бунга эса "исломий тараққиёт йўли" билангина эришиш мумкин. "Мусулмон биродарлар" мафкурасининг ғоявий асосини "ислом фақатгина диний эътиқод бўлмасдан, балки мукаммал дунёқараш ҳамда ижтимоий тузумдир", деган ақида ташкил этади. "Мусулмон биродарлар" мураккаб тузилмали, ҳарбийлашган бўлимларни ўз ичига олган. Мисрдан бошқа мамлакатлар (Сурия ва Ливан)да ҳам бўлимлари бор. Унинг фаолияти кенг ижтимоий қатламларни қамраб олган бўлсада, ташкилот аъзолари талаба-ёшларни ўзларининг асосий зарбдор кучи деб ҳисоблаган. 

"Мусулмон биродарлар" хайр-эҳсон қилиш ва маърифатчилик фаолиятидан (1928—1936) то сиёсий ҳаётда террор методини кенг қўллашда фаол иштирок этишгача бўлган мураккаб тараққиёт йўлини босиб ўтди. 1930-йилларнинг ўрталаридан халифалик шаклидаги "исломий давлат" қуриш ғояси тарғиботига зўр бера бошлади. Ҳасан ал-Банно вафотидан сўнг "Мусулмон биродарлар" фаолияти янада сиёсийлашиб борди. Натижада у 3 йўналишга бўлиниб кетди: "мўътадил биродарлар" (асосан, Ҳасан ал-Банно ва Саййид Қутб издошлари); "исломий демократлар" "исломий социализм" таълимотининг турли кўринишлари тарафдорлари; ҳарбийлашган экстремистик исломий ташкилотлар ("Катоиб Муҳаммад", "Жунуд Аллоҳ", "ат-Такфир ва-л-ҳижра", "ат-Таҳрир ал-исломий"). "Ҳизб ут-таҳрир ал-исломий" диний-сиёсий партияси ҳам шулар жумласига киради.

1954 йили ташкилот аъзолари Миср президенти Жамол Абдулносир ҳаётига суиқасд уюштирди ва тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилди.

"Мусулмон биродарлар" уюшмаси бўлиниши туфайли ягона ташкилот сифатини йўқотди ва 1950-йиллардан "Мусулмон биродарлар" ҳаракати ("ал-Иҳвонийя") деб юритила бошлади. Шу даврдан бошлаб "Мусулмон биродарлар" ҳаракати экстремистик фаолияти учун фақат Мисрда эмас, балки бошқа давлатларда ҳам ғайри қонуний деб эълон қилинди ва ман этилди.

"Мусулмон биродарлар" ҳаракати Миср, Сурия, Иордания ва Ливанда фаолият кўрсатиб, бу мамлакатлардаги сиёсий жараёнларга катта салбий таъсир кўрсатмоқда. "Мусулмон биродарлар"нинг биринчи журнали "ал-Иҳвон ал-муслимун" 1933 йилдан нашр этила бошлаган. 1980-йиллардан бошлаб "ад-Даъва" ("Даъват") журнали "Мусулмон биродарлар"нинг асосий нашрига айланди.

Ташкилот фаоллари 2011 йили 30 йил давом этган Ҳусни Муборак ҳукуматига қарши 18 кунлик норозилик чиқишлари ўтказишди. "25 январь инқилоби"дан кейин, 2011 йили 11 февраль куни норозиликлар шиддат олиши натижасида Муборак мамлакат президентлигидан истеъфо берди.

Намойишчилар вакили Муҳаммад Мурсий 2012 йили ўтказилган парламент сайловларида ғалаба қозонган.

Кўпроқ янгиликлар