Тожикистон конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдумда фуқароларнинг учдан бир қисми овоз бериб бўлди

Жаҳон 22 Май 2016 4104

Маҳаллий вақт билан соат 9:00 (Тошкент вақти билан ҳам 9:00) ҳолатига кўра, Тожикистон конституциясига ўзгариш ва қўшимчалар киритиш бўйича умумхалқ референдумида 1 миллион 320 минг нафардан ортиқ одам ёки 29,8 фоиз фуқаро иштирок этди. Бу ҳақда сайлов қўмитаси раиси Бахтиёр Худоёрзода сўзларига таяниб РИА Новости хабар қилди

Конституцияга киритилиши мумкин бўлган ўзгаришлар Эмомали Раҳмонга чекланмаган ҳолда қайта сайланиш имконини яратади, президентликка номзодлар ёш чегарасини 30 ёшгача камайтиради ҳамда миллий ва диний мазмундаги партиялар ташкил этилиши, шунингдек, партияларнинг хориждан молиялаштирилишини тақиқлайди.

Реферундум иштирок этувчиларнинг 50 фоизидан ортиғи (50 фоиз плюс битта овоз) овоз бергандагина ҳақиқий ҳисобланади. 

Референдум бўлиб ўтган куни мамлакатда 3,24 минг сайлов участкалари, 68 та сайлов округлари, дунёнинг 29та давлатида 36та хориж участкалари очилди. Марказий сайлов қўмитаси тожик, ўзбек, рус, қирғиз тилларида 4,3 миллионта бюллетен чоп этди. 

Референдум жараёнини МДҲ, МДҲ парламентлараро ассамблеяси ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, шунингдек, Тожикистон дипломатик корпуси аккредитациядан ўтган вакилларидан иборат 124 нафар кузатувчи мониторинг қилмоқда. Турли мамлакатлардан 320 дан ортиқ ОАВ вакиллари референдумни ёритиб боради. 

1992 йилдан буён мамлакатни бошқариб келаётган Эмомали Раҳмон, амалдаги конституцияга биноан 2020 йилги президентлик сайловларида ўз номзодини қўя олмайди. Бироқ референдумда тақдим этилган ўзгаришлар унга ҳеч бир тўсиқсиз ўз номзодини илгари суриш имконини яратади. 

Тожикистоннинг асосий қонуни 1994 йилнинг 6 ноябридаги референдумда қабул қилинган. Конституцияга икки марта ўзгариш киритилган. 1999 йили мамлакатда бир палатали парламент ўрнига икки палатали парламент татбиқ этилган, 2003 йили президентлик ваколат муддати беш йилдан етти йилга узайтирилган.

Кўпроқ янгиликлар