Тожикистонда мамлакат конституциясига тузатишлар киритиш бўйича умумхалқ референдуми бошланди.

"Интерфакс" хабарига кўра, фуқаролар референдумда амалдаги президент, миллат раҳнамоси ҳисобланмиш Эмомали Раҳмоннинг ўз номзодини президентлик учун чексиз марта қўйишига, яъни умрбодга президент бўлиб сайланишига имкон берувчи ўзгартиришни тасдиқлаш овоз беришади. Шунингдек, ўзгартиришга кўра, президентлик учун номзоднинг ёш кўрсаткичи 35 ёшдан 30 ёшга туширилган.

Бу ўзгартиришлар Эмомали Раҳмоннинг катта ўғли Рустам Эмомалига 2020 йили ўз номзодини президентлик учун кўрсатишга йўл беради. Бу агар унинг отаси ўз ихтиёри билан лавозимини тарк этса рўй беради.

Бундан ташқари, тузатишлар диний ва миллатчилик руҳидаги сиёсий партиялар ҳамда бирлашмалар тузишни тақиқлаш эҳтимолларини назарда тутади.

Тожикистоннинг 1994 йили қабул қилинган амалдаги конституциясига кўра, Эмомали Раҳмон 2020 йилги сайловда ўз номзоди билан иштирок эта олмайди.

Кузатувчиларнинг баҳолашича, бу референдумни ўтказиш ҳақидаги қарордан мақсад амалдаги ҳукуматнинг мамлакатда ўз таъсирини сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш истаги билан боғлиқ. Шу билан биргаликда, Тожикистон МСК бу фикрларни рад этган.

Тожикистон етакчиси Эмомали Раҳмон 14 май куни «Байрам кунлари ҳақида»ги қонунга тузатишларни имзолаганди. Олдинроқ парламентнинг икки палатаси томонидан тасдиқланган мазкур тузатишларга кўра, мамлакатда 16-ноябрь Президент куни деб эълон қилинади.