22 май куни Андижон шаҳрида ҳам «Андижон китоб олами» дўкони фойдаланишга топширилди, дея хабар беради Ўзбекистон матбуот ахборот агентлиги расмий сайти

Манбанинг ёзишича, мазкур иншоот Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан эълон қилинган «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурининг ижросини таъминлаш ҳамда аҳолини адабиётга, маънавиятга, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва улуғлаш, ёшларни интеллектуал ривожланган ва маънан баркамол қилиб вояга етказиш, ёшларнинг миллий адабиётимизга ва жаҳон адабиёти дурдоналарига бўлган қизиқишини қондириш, ёзувчи ва китобхон ўртасидаги мулоқотни кучайтириш мақсадида ташкил қилинди. 

Шу куни Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ҳамда Андижон вилоят ҳокимлиги билан яқин ҳамкорликида ташкил этилган «Андижон китоб олами» мажмуасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу тадбирни вилоят ҳокими ўринбосари Ш. Шералиев очиб берди. Сўнг Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Бош директори А. Юнусов сўзга чиқиб мажмуанинг фаолиятига доир масалаларга тўхталиб Агентлик ва республика нашриётлари томонидан кераклигича турли йўналишдаги адабиётлар етказиб берилишини айтиб ўтди. Тадбирда шунингдек, таниқли ёзувчи ва шоирлар, санъаткорлар, Зулфия мукофоти совриндорлари ҳам иштирок этишди. 

Мазкур мажмуа 500 квадрат метр майдонни эгаллаган, унда турли йўналишдаги адабиётлардан таркиб топган кўркам савдо жавонлари ўрнатилган ва уларга Ўзбекистондаги нашриётлар томонидан нашр этилган 25 минг нусхадаги китоблар жойлаштирилган. Ҳудди бошқа мажмуалар каби «Андижон китоб олами» мажмуасида ҳам ташриф буюрувчи барча ёшдаги китобхонлар эҳтиёжи ҳисобга олинган ҳолда улар учун қулай шароитлар яратилиб «book-cаfе» фаолияти ташкил этилган.