Германиянинг Bayer кимёвий концерни Американинг Monsanto корпорациясини харид қилиш учун 62 млрд АҚШ доллари таклиф этди. Монсанто гербицидлар ва қишлоқ хўжалиги ўсимликларининг ирсий модификацияланган уруғларини етказиш билан шуғулланади, дейилади Германия компанияси хабарида. Мабодо мазкур битим амалга ошгудек бўлса, агробизнеснинг ушбу соҳасида жаҳоннинг энг йирик ишлаб чиқарувчиси пайдо бўлади. 

Bayer компанияси Monsanto’нинг ҳар бир акциясига нақд пул кўринишида 1,22 доллардан таклиф этган. Бу Америка компаниясининг ўтган ҳафта сўнггидаги биржа нархидан 20 фоизга кўп демакдир, деб қайд этмоқда Bloomberg агентлиги.

Monsanto йигирма йиллар муқаддам, маккажўхори ва соянинг ирсий модификация қилинган уруғларини сота бошлаган эди. Бугунги кунга келиб, унинг маҳсулотларидан АҚШ фермерларининг аксарияти фойдаланади. Компания, шунингдек, Лотин Америкаси ва Ҳиндистонга ҳам ўз маҳсулотини етказиб беради. 

2014 йили Monsanto Швейцариянинг Syngenta уруғчилик компаниясини 43,7 млрд долларга харид қилиш бўйича музокараларни бошлаган, аммо якуний битимга эришолмаганди. 

2015 йили Syngenta унинг шартларини рад этгач, Monsanto ўз ниятларидан воз кечган эди. 2016 йил февралида эса, Хитой миллий кимёвий корпорацияси (China National Chemical Corp.) Syngenta’ни 43 млрд доллардан кўпроқ ҳақ эвазига харид қилиш бўйича битимга эришганди.