Фарғонада ҳам «Китоб олами» дўкони фойдаланишга топширилди

Маданият 23 Май 2016 3839

Ўтган ҳафтада шунингдек Фарғона шаҳрида ҳам «Китоб олами» маърифий мажмуасининг тантанали очилиш маросими ўтказилди. 

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ахборот хизмати берган хабарга кўра, мазкур китоб-савдо мажмуаси шаҳар марказидаги Каштанзор кўчасидаги собиқ «Ижодкорлар кўргазма зали» биносини тўлиқ реконструкция қилиш орқали янгитдан барпо этилиб, замонавий кўриниш олди. Ушбу мажмуа Президент томонидан эълон қилинган «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури доирасида ташкил этилиб фойдаланишга топширилди. 

Мажмуада «Ўзбекистон», «Шарқ», Ғафур Ғулом ва Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйлари, ҳамда «Маънавият», «Янги аср авлоди», «Ҳилол-нашр» каби йирик марказий нашриётларда тайёрланган энг сара ва янги китоблар арзон нархларда 22 бўлимда савдога қўйилди. 

Мажмуа 500 метр квадарат майдонни эгаллаган бўлиб, унинг расталарда 2 мингдан зиёд номдаги жами 20900 та турли адабиётлар китобсевар эгаларига мунтазир қилиб қўйилган. Китоб-савдо мажмуасига ташриф буюрувчи китобхон-харидорлар учун «Китобхон-болажон» бурчаги, «book-cаfе» каби қулайликлар яратилган. 

Мажмуани фойдаланишга топширишда Фарғона вилоят ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги томонидан биргаликда ишлаб чиқилган тегишли чора-тадбирлар доирасида бир қатор ҳамкор ва ҳомий ташкилотлар, жумладан, Маънавият тарғибот маркази вилоят бўлими, маданият ва спорт бошқармаси, «Камолот» ЁИҲ вилоят бўлими, «Фарғона» нашриёти, «Фарғона ёғ-мой» АЖ ҳамда бошқа ҳамкорлар кўмагида амалга оширилди. 

Очилиш маросимида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Бош диретори А. Юнусов, «Нуроний» жамғармаси Фарғона вилоят бўлими раиси Т.Холдоров, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раҳбари Э.Сиддиқова, Фарғона шаҳар ҳокими Д.Раҳматов ва бошқалар сўз олиб, мажмуанинг вилоят маънавий ҳаётида катта воқеа бўлиб, келгусида юртдошларимизнинг китоб ва нашр маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондиришда катта қулайлик яратиши ҳақида фикр билдирдилар. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан 2015 йил 2 ноябрда Тошкент шаҳрида, ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан ҳамкорликда 2016 йил 27 апрелда Нукус шаҳрида, шунингдек 21 май куни Наманган шаҳрида «Китоб олами» мажмуалари очилган эди.

Кўпроқ янгиликлар