Япониянинг Фукусима префектурасида Iidate Village маҳаллий бошқармасининг олд қисмида радиацияни ўлчайдиган катта ускуна турибди. Унинг панелида қизил рангли ёзув ёниб турибди: 0,38 мкЗв / соат.

Ускуна 2011 йилнинг мартида даҳшатли цунами бош кўтарган Фукусимадан 40 километр масофада жойлашган.

Физик Ёичи Тао дисплейга қараб "Бу жудаям паст кўрсаткич" деб маъюс жилмайди.

"Бу ўлчагични ўзимиз ўрнатамиз", деди у.

"Расмий маълумотларга кўра, радиация кучи саккиздан ўнгача бўлганини кўрсатган".

Тао япон ҳукуматининг "вазият тўлиқ назорат остида" ҳамда "атроф-муҳитга радиоактив сувнинг таъсири буткул блокланган" каби расмий маълумотларига қўшилмайди. 

Тао бунга шубҳа қилган ва у каби ўйловчилар кўплаб топилади, чунки маҳаллий аҳоли орасида радиоактив касалликлар билан оғриганлар анчагина, уларнинг баъзилари ёрдам сўраб кимга мурожаат қилишни ҳам билишмайди.

Бу йил Фукусимадаги ядровий фалокатга беш йил, Чернобилдаги аварияга эса 30 йил тўлади. Чернобилда ўтган йиллар мобайнида турли тадқиқотлар ва тадбирлар ўтказилди. Фукусимада эса кўп нарса ёпиқлигича қолди.

Фукусимадаги ядровий авариянинг натижаларини тўлиқ бартараф қилиш учун неча йил керак бўлади? Атроф-муҳитга аниқ қандай таъсир ўтказган? Қайта фаоллаштириш жараёнида қандай ютуқларга эришилди? Ядровий чиқиндиларни қандай қилиб йўқ қилиш мумкин?

Бу саволларга бутун дунё экспертлари бир хил жавоб қайтаришади: "Етарлича маълумотларга эга эмаслигимиз сабаб аниқ жавоб бериш қийин".

Океанография институти катта илмий ходими Кен Бюсслернинг сўзларига кўра, япон ҳукумати омма билан яхши иш олиб бормаган.

"Халқ радиацион зарар ҳамда унинг соғлиққа таъсири ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиши учун бу маълумотларга ойдинлик киритиш керак", дея таклиф киритди у. 

2011 йилдан бери Фукусимадаги ядровий авариянинг денгиз муҳитига таъсирини ўрганувчи эксперт радиоактив модданинг 80 фоизи денгизга келиб тушгани боис унинг таъсири жуда кучли бўлганини таъкидлади. 

Шундай бўлсада, япон ҳукумати "ҳаммаси жойида, вазият тўлиқ назорат остида" деган жавобда қатъий турди. 

Бутун дунё кузатувчилари япон ҳукуматининг вазиятни юмшатишга ҳаракат қилганини таъкидлашмоқда. Бундай давом этадиган бўлса, 2020 йилда Токиода ўтказилиши режалаштирилган Олимпия ўйинлари хавфсизлиги муаммоси юзага келади. Шу муносабат халқаро экспертлар япон ҳукуматидан фалокатга доир аниқ маълумотларни тақдим этишни талаб қилмоқда.