The Huffington Post газетасининг ёзишича, Ҳиндистонда кун бўйи қуёшнинг куйдирувчи нури остида боғланиб турган туя ўз эгасининг бошини тишлаб олган. Ҳодиса мамлакатнинг жануби-ғарбий Ражастхон штати Бармер шаҳрида юз берган.

Ҳовлига боғлаб қўйилган жонивор 43 даражали жазирамада кун бўйи турган. The Times of India нашрининг ойдинлик киритишича, туянинг эгаси, меҳмонлар билан бўлиб, уни бўшатишни унутган ва кутилмаганда бу ёдига келган. 

Шундан сўнг, эркак киши туя ёнига келганида ҳайвон унинг бўйнидан тишлаб ерга ағдарган. Гувоҳнинг сўзларига кўра, туя, эгасининг танасини у ёқдан бу ёққа ирғитган, тепкилаган. Алалоқибат, унинг ҳужуми фожиа билан якун топган. Туя ўз эгасининг бошини узиб олган.

Хабар қилинишича, 25 нафар маҳаллий аҳоли вакили туяни тинчлантириш учун 6 соат вақтини сарф этган. 

Ўтган ҳафта жума куни 20 майда Ражастхон штатида энг юқори ҳарорат қайд этилган эди. Ўша куни ҳарорат Цельсий шкаласи бўйича 51 даражагача кўтарилган. Бу Ҳиндистон метеорология кузатувлари тарихидаги энг иссиқ кун сифатида қайд этилди. 

Таъкидлаш жоизки, сўнгги ойларда Ҳиндистонда аномал жазирама ҳукм сурмоқда. Баъзи шимолий штатларда бир неча ҳафталар мобайнида ҳарорат кўрсаткичи 40 даражадан пасайгани йўқ. Метеорологларнинг тахмин қилишларича, июнь ойи ўрталарида бошланадиган ёмғир мавсуми билан жазирама ҳаво чекинади.