Индонезияда Синабунга вулқони отилиши натижасида камида етти киши ҳалок бўлди, икки киши оғир аҳволда, дея хабар берди  ABC News. 

Барча қурбонлар хавфли минтақадан тахминан тўрт километр узоқликда жойлашган Гамбер қишлоғидаги фермаларда ишлаётган бўлишган. 

Қолган аҳолига зарар етказмаслик мақсадида ҳарбийлар тез ҳаракатланувчи қайноқ вулқон газларидан ҳимоя қилувчи темир тўсиқлар қуришди. Аксарият кишилар зарур буюм ва молларини олиб, яшаб турган уйларини шошилинч тарк этишди. 

Синабунг вулқони 2010 йилда отилгунга қадар тўрт юз йил давомида ҳаракатсиз бўлган. 2010 йилда отилган вулқон натижасида бу ерда икки киши ҳалок бўлган. 2014 йилдаги вулқон отилиши натижасида 16 нафар киши ҳаётдан кўз юмди. Синабунг Индонезия ҳудудидаги 120та вулқондан бири ҳисобланади.