Россия почтаси Москва марказида ноодатий почта бўлими очмоқчи. Бу бўлим орқали Уильям Шекспир асарларининг энг машҳур қаҳрамони – Жульеттага севги мактублари йўллаш мумкин бўлади.

Россия почтаси матбуот хизматининг маълум қилишича, "Жульетта почтаси" деб ном оладиган бу почта ўз ишини Мясницк кўчасидаги Салтиков-Чертковлар уйида ўтадиган, Шекспир ўлимининг 400 йиллигига бағишланган "Шекспир/сир/400" интерактив кўргазмасида бошлайди.

"Кўргазманинг май ойидан сентябргача иши давомида ташриф буюрувчилар ўзларининг Жульеттага муҳаббатлари ҳақида айтиш имконини оладилар. Улар Жульеттага хатни эксклюзив почта откриткасида ёзиб, уни қадимий палисандр қутисига ташлашади. Откритка орқасида ўзининг манзилини тўғри кўрсатган барча Италиянинг Верона шаҳридаги ёш гўзалнинг жавобини олишлари мумкин бўлади.

Россия почтаси кўргазмага кўмак бериб, Веронада жойлашган Жульетта клубига барча хатларни  етказишни таъминлаб беради. Бу клубга турли давлатлардан ҳар йили 10 минглаб хатлар келади.

Жульетта клуби (Club di Giulietta) расмий маданий ташкилот бўлиб, Верона шаҳрида жойлашган ва кам сонли доимий ходимлар ва кўнгилли ёрдамчилардан ташкил топган. Бу клубнинг яратилишига Шекспир қаҳрамонлари, авваламбор Жульетта номига билдирилган мактублар асос бўлган.