АҚШ президенти Барак Обама «Толибон» террорчилик ташкилоти  етакчиси мулла Ахтар Мансур америкалик ҳарбийлар томонидан берилган авиазарба натижасида йўқ қилинганини тасдиқлади. Бу ҳақда The Washington Post хабар тарқатган.

У мулла Мансурнинг йўқ қилиниши Афғонистонда тинчликни таъминлаш йўлидаги муҳим қадам бўлганини таъкидлаган.

«Биз Америка ва коалиция ҳарбий кучларига қарши фитна ва ҳужумларни режалаштиришда, шунингдек, ўз ҳаракатларини "Ал-Қоида" каби экстремистик гуруҳлар билан мувофиқлаштирган ҳолда афғонистонликларга қарши уруш олиб боришда давом этган ташкилот етакчисини йўқ қилдик. Энди афғон халқида бошқа, фаровон келажакда яшаш учун имкон пайдо бўлди», — деган Обама.

У ташкилотнинг бошқа вакилларини тинч музокараларга чақирган.

Мулла Ахтар Мансурнинг ўлдирилгани ҳақида дастлабки хабарлар 21 май куни кечқурун пайдо бўлди. У шу вақтда Покистоннинг Афғонистон билан чегарасидаги Белужистон вилояти ҳудудида АҚШ ҳарбийларига тегишли бир нечта дрон орқали ўтказилган махсус амалиёт натижасида ўлдирилган.