Расмий Брюссель "икки хил сиёсат юритишдан воз кечмас экан", Туркия Европа Иттифоқи билан барча келишувларни тўхтатади. T24 телеканалининг хабар қилишича, Туркия президенти маслаҳатчиси Йигит Булут шундай баёнот берган.

Мамлакатнинг терроризмга қарши курашга оид қонунчилиги қайта кўриб чиқилмаслигини билдирган Булут, Туркиянинг ЕИга нисбатан бошқа даъволарига ойдинлик киритмаган. 

Маълумки, май ойи бошларида, Еврокомиссия Туркия фуқаролари учун виза чекловларини бекор қилиш таклифини билдирган эди. Бунинг учун, Анқара июнь ойи охиригича, ЕИнинг қолган шартларини бажариши талаб этиларди. 

Бироқ президент Ражаб Тойиб Эрдўған терроризмга қарши кураш тўғрисидаги Туркия қонунчилигини ўзгартиришдан бош тортгач, 11 май куни Европа парламенти визаларни бекор қилиш бўйича муҳокамаларни тўхтатишга қарор қилди.