Тожикистон Республикасида бўлиб ўтган умумхалқ референдумида, мамлакатнинг асосий қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Республика сайлов ва референдумлар ўтказиш марказий комиссиясининг маълум қилишича, референдумда иштирок этган 4 млн 402 минг сайловчининг 3 млн 814 минг нафари ёки овоз бериш жараёнида қатнашган сайловчиларнинг 94,5 фоизи ўзгартиришларни маъқуллашини билдирган. 134 171 киши ёки сайловда иштирок этганларнинг 3,3 фоизи эса бунга қарши овоз берган.

Марказий Сайлов комиссияси раҳбари Бахтиёр Худоёрзоданинг маълумотига кўра, референдумда давомат 92 фоиз бўлган.

Сайловчилар, тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - Миллат етакчиси (ўтган йилнинг декабрь ойида, Тожикистон парламенти амалдаги давлат раҳбарига Эмомали Раҳмонни шундай мақомга муносиб кўрган эди) Асосий қонуннинг 65-моддасига амал қилмаслигига розилик билдиришган. Тожикистон конституцияси 65-моддасига кўра, "бир шахс қаторасига икки муддатдан ортиқ вақт мобайнида давлат раҳбари бўла олмайди". 

Аммо, эндиликда, "мазкур модданинг 4-бандида кўзда тутилган чеклов Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси - миллат Етакчисига нисбатан қўлланилмайди".

Бундан ташқари, Асосий қонуннинг 8-моддасига ҳам ўзгартиришлар киритилди. Унга мувофиқ, "Тожикистонда бошқа давлатлар сиёсий партиялари фаолиятига йўл қўйилмайди. Миллий ва диний асосдаги партиялар ташкил этиш ҳамда мавжуд сиёсий партияларни хорижий давлатлар ва ташкилотлар, юридик шахслар ва фуқаролар томонидан молиялаштирилиши тақиқланади".

Шу билан бирга, президентлик учун номзодлар, парламент депутатлиги, Олий, конституцион ва олий иқтисодий суд судъялиги учун ёш чеклови 30 ёш (аввал 35 ёш) этиб белгиланди.