Туркия Европа Иттифоқига 3000 йилда аъзо бўлади...ми?

Жаҳон 23 Май 2016 4988

Туркия Президенти Ражаб Тайиб Эрдўғон ҳукмрон Адолат ва Тараққиёт партиясининг раҳбари этиб сайланган Бинали Йилдиримга янги хукуматни шакллантиришни топширди. Давлат раҳбари янги бош вазирга муваффақиятлар тилади. Ахмет Довутўғли ҳукуматида транспорт, кемасозлик ва алоқа вазири лавозимида ишлаган Бинали Йилдирим якшанба куни партиянинг навбатдан ташқари қурултойида раис этиб сайланган эди. Унинг номзодини 1470 делегатнинг 1405 нафари қўллаб-қувватлади. Анъанага кўра, партия раҳбари мамлакат ҳукуматига раҳбарлик қилади. Маълумки, бундан аввал бош вазир Ахмет Довутўғли бўлажак анжуманда ўз номзодини партия раислигига кўрсатмаслигини айтган. Бу, ўз навбатида, унинг истеъфога чиқишига олиб келган эди. Таҳлилчиларнинг фикрича, сўнгги вақтларда президент ва бош вазир ўртасида бир қатор масалаларда, жумладан, курд муаммоларини бартараф этиш борасида қарама-қаршиликлар юзага келган эди. Шунингдек, ҳукумат сиёсатини танқид қилувчи журналист ва жамоатчилик вакилларининг ҳибсга олинишига ҳам президент ва бош вазир турли нуқтаи назарга эга эканликлари кўриниб қолган эди.

Мамлакат таҳлилчиларининг фикрича, Бинали Йилдиримнинг бош вазир этиб тайинланиши Туркияни президентлик бошқарув тизимига ўтиши сари йўл очади. Бу ҳақда профессор Тўғрул Исмоил маълум қилди. Мухолифатдаги Халқ-республикачилар партияси раҳбари Камол Қиличдарўғли президент бошқарувига ўтиш мамлакатда қон тўкилишларига сабаб бўлишини таъкидлади. “Сиз қон тўкмасдан президент бошқарувига ўта олмайсиз. Бир киши гапиради, Туркия жим туради. Бир киши гапиради, судьялар қарор қабул қилади. Бир киши гапиради ва шу тариқа депутатликка номзодлар аниқланади. Сиз бу каби президентлик тизимини жорий қила олмайсиз”, деди Қиличдорўғли Анқарада бўлиб ўтган Туркия савдо палаталари ва биржалари уюшмаси Бош Ассамблеясида қилган чиқишида. Унинг айтишича, Туркиядаги суд тизими ўзгаришсиз қолиши керак.

Туркия Республикаси ташкил топган 1923 йилдан бошлаб мамлакатда парламент бошқаруви амал қилади. Эрдўған эса Президентлик бошқаруви жорий этилишини тарғиб қилиб келмоқда. Бунинг учун у янги конституция бўйича референдум ўтказилиши ва президентлик бошқарув тизимига ўтишини айтиб келади. Бироқ мухолифат президентнинг бу таклифига қарши чиқиб келади. Улар Эрдўғанни ҳокимиятни ўз қўлига олишга уринаётганликда айблашмоқда. Кузатувчиларнинг фикрича, Бинали Йилдирим эндиликда фақат иқтисод билан шуғулланади. Сиёсий ваколатларни президент ўз қўлига олади. Кадрлар ўзгаришини амалга оширар экан, Эрдўған партия ичида ўз мавқеини мустаҳкамлаб олди. Бу дегани ҳукмрон партия президент бошқаруви тизимига ўтиш учун жиддий тайёргарлик кўраётганидан далолатдир. Ахмет Довутўғли (эндиликда собиқ бош вазир) президентлик бошқарувига ўтилишини чин дилдан қўллаб-қувватламаётган эди.

Бинали Йилдирим сиёсатчилар орасида президентга энг яқин кишилардан бири экани тан олинади. Бундан аввал у Туркиянинг Россия билан муносабатлари яхшиланиши керак, деган фикрларни илгари сурган эди. Бинали Йилдиримнинг бош вазир этиб тайинланиши Россия-Туркия муносабатларига таъсир кўрсатадими, деган савол туғилиши мумкин. Аммо таҳлилчилар, икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни фақат икки президентгина ўзгартириши мумкинлигини бир овоздан айтишади.

Аслида у тўрт йил аввал партия раҳбари бўлиши керак эди. Тўртта хукуматда вазир лавозимларида ишлаган Йилдирим минглаб километр йўллар, порт ва аэропортлар қургани боис халқ орасида обрўйи баланд. Энди эса у президентлик бошқаруви тизимини қурадиган бўлди. “Туннеллар, поезд ва йўллар — буларнинг ҳаммаси яхши. Аммо биз аҳамият қилишимиз керак бўлган яна бир масала бор. Бизга янги конституция ва президентлик бошқарув тизими керак. Бугун биз мана шу масалада хуқуқий йўл танлашимиз керак”, деди Бинали Йилдирим партия анжуманида.

Бинали Йилдирим 1955 йилнинг 20 декабрида Эрзинжон вилоятининг Рефахие шаҳрида туғилган. Истанбул Техника университетининг кемачилик факультетини тамомлаган. Айни шу ерда диссертациясини ҳимоя қилди. Факультетда ассистент ва илмий ходим бўлиб ишлаган. 1991 йилда Швециядаги БМТнинг Халқаро денгиз ташкилоти Жаҳон университетида малакали мутахассис дипломини олди. 1994-2000 йилларда Истанбул паромлар бошқармасига раҳбарлик қилди. 2001 йилда Бинали Йилдирим ҳозирги президент Ражаб Тойиб Эрдўғон билан ҳамкорликда Адолат ва Тараққиёт партиясига асос солди. 2002 йилда парламент депутати этиб сайланди. Шундан кейин 13 йил мабойнида транспорт (транспорт, кемасозлик ва алоқа) вазири лавозимларида ишлаб келди.

Унинг вазирлиги янги инфратузилмаларга асос солди. У жаҳондаги бир нечта университетларнинг фан доктори илмий унвонига эга. Инглиз ва француз тилларида мулоқот қила олади. Уйланган. Уч фарзанднинг отаси.

Таҳлилчиларнинг фикрича, янги бош вазирнинг тайинланиши Европа Иттифоқига аъзолик сари интилаётган Туркиянинг умидларини пучга чиқариши мумкин. Анқара билан визасиз режимга қарши чиқиб келаётган Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон мабодо Брюссель визаларни бекор қилган тақдирда ҳам, Буюк Британия ўз чегараларини Туркия учун очмаслигини айтиб келади. “Туркиянинг Европа Иттифоқига аъзолиги масаласида яқин орада аниқ бир режа йўқ. Улар ариза берганига анча бўлган. Агар вазият ҳозиргидек кетадиган бўлса, башоратларга ишонадиган бўлсак, у ҳолда улар ўз мақсадларига 3000 йилда етадилар”, деди Дэвид Кэмерон. Бироқ Туркиянинг умидлари сўнмаган. Бунинг устига Буюк Британиянинг Европа Иттифоқига аъзолигига бағишланган референдумга ҳам оз вақт қолди. Агар референдумда Буюк Британия Европа Иттифоқи сафидан чиққудек бўлса, у ҳолда Туркия 3000 йилни кутмаёқ Европа Иттифоқига аъзо бўлишига имкониятлар пайдо бўлиши мумкин. Аммо Франция ҳам Туркиянинг Европа Иттифоқига аъзолигига қарши чиқиб келаётганини унутмаслик керак. Шу йил апрель ойида Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Фредерика Могерини Туркиянинг Европа Иттифоқига аъзолиги масаласида музокоралар анча йиллардан бери давом этаётганини, аммо яқин орада мақсадга эришилмаслигини билдирган эди.

Эслатиб ўтамиз, Туркия Европа Иттифқига аъзо бўлиб кириш учун 1987 йилда ариза берган.

Шарофидин Тўлаганов

Кун янгиликлари
Ўзбекистон делегацияси Бишкекда, хорижга чиқиш паспорти дараги, лотин ва кирилл машмашаси ҳамда куннинг бошқа хабарлари
20:40 / 16.08.2017 14585 Жаҳон
Соч тўкилиши нега ёшариб кетмоқда – мутахассис жавоб беради
10:01 / 16.08.2017 68274 Жамият
Кун.uz офис изламоқда
15:48 / 06.08.2017 37136 Lifestyle
"Реал" Испания Суперкубоги соҳиби!
04:08 1022 Спорт
Қирғизистонлик собиқ депутат Омурбек Текебаевга 8 йиллик қамоқ жазоси берилди
01:27 1128 Жаҳон
Саакашвили Украинага қачон қайтишини маълум қилди 
01:15 1699 Жаҳон
Абдулла Арипов: «Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳамкорлигига халақит берувчи тўсиқлар бартараф этилади»
Роналду 5 ўйинга дисквалификация қилингани ҳақида: бунинг отини атайлаб қийнаш дейилади!
01:07 1707 Спорт
Давлат ва ОАВ: ахборот майдонида ҳаммага тенг шароит яратилиши керак
Шерзод Шерматов: "Келгуси йилда тест жавоблари ўша куниёқ эълон қилиниши мумкин"
Кўпроқ янгиликлар