АҚШнинг 21 штатида, жумладан Колорадо, Айова, Монтана, Коннектикут, Калифорния, Нью-Йорк ва Вашингтонда ҳамда Буюк Британияда ўнлаб мактаблар телефон орқали портлаш таҳдиди олингандан кейин эвакуация қилинди ва ёпиб қўйилди. Бу ҳақда NBC телеканали ҳуқуқ-тартибот муассасалари вакилларига иқтибос келтирган ҳолда хабар бермоқда.

Телеканал маълумотларига кўра, минглаб ўқувчилар эвакуация қилинган. 

Таҳдидлар 23 май АҚШнинг Шарқий соҳилбўйи вақти билан соат 14:30ларда (Тошкент вақти билан 23:30 да) туша бошлаган. Маълум қилинишича, кўплаб таҳдид қилинган қўнғироқлар автоматик бўлган, бироқ улар бир-бири билан боғлангани ҳозирча номаълум.

Шунингдек, Буюк Британияда 26 та мактаб таҳдидлар қилинган аноним қўнғироқлар сабабли эвакуация қилинган.