Япония ҳукумати Ўзбекистонга "Навоий вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг жиҳозланишини яхшилаш" лойиҳасини амалга ошириш учун 686 млн йен (5,6 млн доллар) миқдорида грант тақдим қилади.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси "Навоий вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказини модернизациялаш ва тиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш учун Япония ҳукумати грантидан самарали фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарор қабул қилди.

Қарор Япония ҳукумати томонидан лойиҳани амалга ошириш учун беғараз шаклда тақдим қилинаётган грантдан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида қабул қилинди.

Қарорда таъкидланишича, маблағларни тақдим қилиш учун 2015 йил 25 октябрда Япония ҳукумати билан алмашув ноталари ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) билан грант келишуви имзоланган.

2015 йил 28 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва International Techno Center Co., Ltd» (Япония) компанияси билан лойиҳа доирасида консалтинг хизматларини тақдим қилиш бўйича 28,0 млн йенлик келишув имзоланган.

Қарорда таъкидланишича, қонунчиликка кўра лойиҳани амалга ошириш доирасида грант ҳисобига олиб кириладиган ва харид қилинадиган товарлар (иш ва хизматлар) божхона тўловидан озод этилади.

Ҳукумат тақдим қилинаётган грантнинг мақсадли ишлатилиши ва лойиҳани амалга ошириш учун жавобгарликни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиммасига юклади.

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига Япониянинг ваколатли банки билан Япония грантини ишлатиш ва ҳисоб-китоб қилишда хизмат кўрсатиш бўйича банклараро битим тузиш вазифаси топширилди.