Бразилиялик олим Амилкар Танурининг Зика вирусига қарши кураш борасидаги сўнгги тадқиқот натижалари сақланаётган ноут-букини ўғирлаб кетишди. O Estado de S. Paulo газетаси хабарига кўра, ҳодиса Рио-де-Жанейро марказида жойлашган Сантос-Дюмон аэропортида содир бўлган. Бу ҳақда ТАСС маълум қилди. 

“Барчаси кўз очиб-юмгунча содир бўлди: телефонда гаплашаётган пайтим, сумкани ерга қўйдим. Мен ҳатто уни ким ўғирлаганини ҳам билмай қолдим”, - дейди олим. Гувоҳлар сумкани олиб машина томон югуриб кетган икки эркакни кўришган. Танури ёрдам сўраб аэропорт маъмуриятига мурожаат қилди, бироқ унга электр тармоғи билан боғлиқ муаммолар туфайли баъзи жойларда чироқ ўчирилгани ва кузатув камералари автомобиль номерини ёзиб қололмаганини маълум қилишди. 

Ўғирланган ноут-букнинг асосий хотирасида Зика вирусига тааллуқли иккита тадқиқот натижалари сақланган. Улардан бири безгак чақирадиган салбий оқибатларни бартараф этиши мумкин бўлган дори воситасини ишлаб чиқиш тўғрисидаги муҳим янгилик эди. Илмий ишнинг нусхаси йўқлиги учун энди олим барча синовларни қайтадан ўтказишига тўғри келади. Рио-де-Жанейро Федерал университети молекуляр вирусология Лабораториясини бошқарувчи олим Танури тадқиқот учун зарур воситаларнинг ўзини 5 минг доллар деб баҳоламоқда.  

“Тажрибани такрор ўтказиш учун менга бир ҳафтадан ўн кунгача муддат зарур бўлади. Бу нафақат янги харажатлар дегани, балки анчагина вақт ҳам кетади”, - билдирди олим. Танурининг тадқиқот ишини Cell илмий журнали чоп этмоқ эди. Биологнинг қариндошлари ҳамда дўстлари ижтимоий тармоқлар орқали – ўғрилар, олимнинг фикрига кўра, ўғирланган материалнинг ҳақиқий қадрини тушунмайдиган одамларга компьютерни қайтариш илтимоси билан мурожаат қилмоқда.