Ражаб Тоййиб Эрдўғон бошқаруви даврида Туркия авторитар давлатга айланиб бормоқда, деб ҳисоблайди Европарламент раҳбари Мартин Шульц. Бу ҳақда Politico хабар қилди

“Биз мамлакатда ҳукумат бошқаруви бир одамнинг қўлига ўтиб қолаётганини жим кузатиб турмаслигимизни тушунтиришимиз керак”, - дейди Шульц. 

Шульц Брюсселнинг Туркия ҳамда Европа Иттифоқи ўртасида туркиялик фуқаролар учун қисқа муддатли сафарларга визасиз режимни татбиқ қилиш Анқара томонидан ЕИнинг барча талаблари бажарилгандагина мумкин бўлишини билдирувчи позициясини тасдиқлади. 

Брюссель расмийлари Туркия бешта шартнинг барчасини бажарганда ЕИ ҳамда Туркия ўртасида визасиз режим киритилишини билдирмоқда. Коррупцияни бартараф этиш, Европол билан тезкор келишув тўғрисида муҳокама ўтказиш, ЕИ барча аъзо-давлатлари билан суд қонунчилиги соҳасида ҳамкорлик ўрнатиш, Европа Иттифоқи стандартларига монанд равишда маълумотларни муҳофазалаш қоидаларини киритиш ҳамда терроризмга қарши кураш қонунчилигини қайта кўриб чиқиш шартлари назарда тутилмоқда.