Индонезиялик қиз Ҳиндистонга келиб, Болливуд юлдузи Шохрух Хон билан кўришмагунига қадар унга твиттер орқали хат ёзишда давом этди. 

Индонезиядан севимли юлдузи билан учрашиш учун атайин учиб келган мухлиса Шохрух Хоннинг эшиги тагида туриб, унинг твиттерига хабарлар йўллай бошлади. 
Актёрнинг сўнгги шов-шувли фильмларидан бири бўлган «Мухлис»да ҳам бош қаҳрамон севимли юлдузи билан кўришиш учун барча ишга тайёрлиги ҳақида ҳикоя қилинади.

Қарангки, бу ҳолат фақатгина кинода эмас, реал ҳаётда ҳам содир бўлди. Мутиара Улта Херлита исмли қиз дўсти билан Индонезиядан учиб келиб, Шохрух Хоннинг Мумбайдаги қароргоҳи ҳисобланмиш Маннат ёнида 3 кун давомида баннер кўтариб турди. Баннерда «Шохрух Хон, мен сен билан учрашмай туриб, Индонезияга қайта олмайман» деган жумлалар ёзилган эди.

Ашаддий мухлиса овқат емай, ухламай, актёр билан учрашиш умидида баннерни кўтариб турди ва бир вақтнинг ўзида твиттерда Шохрух Хоннинг расмий саҳифасига мурожаат қилган ҳолда илтимоснома қабилидаги хабарларни йўллай бошлади. 

Ижтимоий тармоқларда актёрга бу каби илтимосларни сўраб ёзувчи мухлсилар миллионлаб топилади, бироқ бу уддабурон ва жасур қизга омад чинакамига кулиб боқди.

Шохрух Хон твиттердаги хабарларни ўқиб, Мутиара билан кўришишга розилик билдирди.