«Манчестер Юнайтед» бош мураббийи Луи ван Гаал истеъфога чиқарилганидан кейинги фикрларини билдириб ўтди. Унинг сўзлари жамоа расмий сайтида келтирилган.

«Мен учун «Манчестер Юнайтед»дек буюк клубни бошқариш бир шараф бўлди. Мен азалий орзуимни рўёбга чиқардим. 

Мен фахрланишим мумкинки, жамоага 12-Англия кубогини қўлга киритишида ёрдам бердим. Бу ўзимнинг мураббийлик фаолиятимдаги 20-соврин бўлди. Аммо узоқ тарихга эга бўлган Англия Кубоги ютуқларим орасида энг муҳимларидан бири бўлиб қолади. 

Мен жуда хафаман, 3 йиллик режани амалга ошира олмадим, ҳафсалам пир бўлди. Лекин ишончим комилки, мен ўрнатган пойдевор клубнинг янада ривожланишига ва кўплаб совринларни қўлга киритишда ёрдам беради. 

Нидерландия, Испания ва Германияда фаолият кўрсатганимда, ҳамиша Англияда ишлашни ва инглиз маданияти билан танишишни орзу қилардим. Бу икки истагим ҳам бажо бўлди, бу эса ажойиб. 

Мен барча футболчиларга миннатдорчилик билдираман ва уларга янги мавсумда муваффақиятлар тилайман. Улар билан бирга ишлаш давомида мароқли онларни бошдан кечирдик. Кўп ёш футболчилар берилган имкониятдан фойдаланиб, ўзларини кўрсата олишгани ёқимли. Бу футболчиларнинг янги мавсумдаги ўйинларини кузатиб бораман.

«Манчестер Юнайтед» раҳбарияти ва хўжайинларига миннатдорчилик ушбу клубда ишлаш учун берилган имконият учун билдираман.

Клубнинг ҳар бир ходими — илмий-спорт гуруҳи, тиббиёт штаби, кир ювиш ва формаларга жавобгар шахслар, клуб маъмурияти, матбуот хизмати бошлиғи, менежерлар жамоаси, академия ходимлари, футбол майдон мутахассислари, озиқ-оқват таъминоти, «Олд Траффорд» стадиони ва клубнинг Кэррингтондаги базасига, мени қўллаб-қувватлаган барчага миннатдорчилик билдираман. 25 йил давомида ҳеч бир жамоада мени бундай қўллаб-қувватлашмаган эди. 

Шунингдек, «МЮ»нинг ажойиб ишқибозларига миннатдорчилик билдираман. Улар ҳақиқатан ҳам дунёдаги энг яхши мухлислар.

Яна шуни айтишим керакки, мен сэр Алекс Фергюсон ва сэр Бобби Чарльтонга мен ва менинг оилам Манчестердаги фаолиятим вақтида бу шаҳарда ўзимизни уйдагидек ҳис қилишимизда ёрдам беришгани учун миннатдорчилик билдиришни истайман», – дейди Луи ван Гаал.