Франциянинг Canal+ каналидаги Le Petit Journal номли шоуда «Россия-1» каналининг Франциядаги аксилевропа кайфиятни ифодалаш учун тайёрлаган лавҳаларига эътибор қаратди. Шоу 20 май куни эфирга чиққан, унда Дмитрий Киселёвнинг 15 май куни намойиш этилган «Вести недели» дастуридаги сюжетлар таҳлил қилинган.

Шоудан бир парча YouTube порталига жойлаштирилган, унда Le Petit Journal бошловчиси россиялик журналистлар ўз мақсадлари учун франциялик ва бельгияликлардан олинган интервьюларини русчага ўзларига керакли тарзда қасддан хато таржима қилишганини кўриш мумкин. Canal+ маълумотига кўра, россиялик журналистлар турли мавзулардаги интервьюларни битта сюжетга умумлаштиришган.

Франциялик журналистлар «Россия-1» учун интервью берган кишиларни топишган ва уларга ўз сўзлари русчада қандай "жаранглаганини" кўрсатишган. Интервью берганларнинг барчаси ўзларига туҳмат қилинганини, аслида бутунлай бошқача гаплар айтилганини билдиришган. Улардан бири ўзидаги асл интервью ёзувини дастак қилиб келтирган ва россиялик журналистлардан бундай қилмасликни сўраган.