Алишер Навоий кутубхонасида “Жаноб” журналининг илк сони муҳокама қилинди

Жамият 25 Май 2016 5034

Куни кеча Алишер Навоий номли Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Жаноб” журналининг илк сони чиқиши муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.  

Унда таҳририят ходимлари, “Planet press” МЧЖ директори Нодир Мажидов, “Сабо” газетаси бош муҳаррири Маъпура Набиева ҳамда коллеж талабалари,  китобхонлар ва кутубхона ходимлари иштирок этиб, янги журнал ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришган. Жумладан, коллеж талабаси Аброр Ҳамроқулов журналда қизиқарли саҳифаларнинг кўплигини, аммо унинг ўқимишлилигини янада ошириш учун эркаклар саломатлиги ва спортга оид мақолалар берилиши лозимлигини таъкидлаб ўтган. 

Кутубхона ходимаси Шаҳноза Эргашова ёш йигитларнинг муомала маданияти, катталарга бўлган ҳурмат-иззати ва кўча-кўйда ўзларини қандай тутишлари кераклиги ҳақидаги мақолалар кўпроқ берилиши тарафдори бўлган. 

Китобхонлар эса эркакларга оид журнал очилганлиги айни муддао бўлганлигини, шу боис бу нашр саҳифаларида эркакларнинг оила ва жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамловчи мақолалар, эркаклар ошпазлиги ва тадбиркорлиги ҳақида қизиқарли маълумотлар чоп этилиши ҳақида ўринли фикр-мулоҳазалар билдириб ўтган. 
Кутубхона ходималари журналда “Қайнота” саҳифасини ташкил этиш таклифини билдириб ўтган. 

Бундан ташқари, журналнинг электрон сайтини ташкил этиш ҳақида ҳам фикр-мулоҳазалар билдириб ўтилган. 

Тадбир сўнггида таҳририят ходимлари иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга жавоб беришган.

Кўпроқ янгиликлар