Бугун Андижон вилояти ҳокимлигида “Универсиада – 2016” спорт мусобақаларида қатнашувчи спортчилар билан учрашув бўлиб ўтди. Иқтидорли ёш спортчиларга оқ йўл тилаш мақсадида ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Муҳаммаджон Нишанов, вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Дилшод Бабажановлар иштирок этдилар.

Дўстона мулоқот тарзида ўтган учрашувда вилоят ҳокими Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ўтказилаётган уч босқичли спорт мусобақалари ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан етук қилиб тарбиялаш, уларда қатъият, мардлик, бирдамлик ва бағрикенглик фазилатларини шакллантириш, ўзаро дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш ва малакали спортчилар тайёрлашга хизмат қилаётгани ҳақида сўзлаб, нуфузли тадбирга йўл олаётган спортчиларга омадлар тилади.

Мураббий ва спортчилар ҳам ўз навбатида ўзларига билдирилган ишонч учун миннатдорчилик айтиб, мусобақаларда бор куч ва маҳоратларини ишга солишга ва совринли ўринларни қўлга қиритишга ҳаракат қилишларини билдирдилар.

Элмурод ЭРМАТОВ, Андижон