Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян навбатдаги ўртоқлик учрашувлари учун чақирилган футболчилар рўйхатини эълон қилди.

Миллий терма жамоа бош мураббийи 2 июнь куни Экватор Гвинеяси ҳамда 7 июнь куни Канада миллий терма жамоаларига қарши бўлиб ўтадиган ўйинларда терма жамоа сафида ҳали майдонга тушмаган бир қатор янги футболчиларни синовдан ўтказишни мақсад қилган.

Терма жамоа мураббийлар штаби хориж чемпионатларида тўп сураётган миллий терма жамоа футболчиларига чемпионат ўйинлари энди тугагани боис, кичик таътил беришга қарор қилган. Унга кўра, Одил Аҳмедов ("Краснодар"), Виталий Денисов ("Локомотив"), Азиз Ҳайдаров ("Аш Шабоб") ҳамда Сардор Рашидов ("Ал Жаиш") миллий терма жамоанинг навбатдаги ўйинига чақирилмади. Хитойнинг "Чангчун Ятай" клубида тўп сураётган Анзур Исмоилов эса, жароҳатидан қутулмагани боис, таркибга қўшилмаган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2 июнь куни Тошкентда Экватор Гвинеяси терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувини ўтказса, 7 июнь куни Австриядаги йиғин давомида Канада миллий терма жамоасига қарши яна бир ўртоқлик учрашувида майдонга тушади.

Экватор Гвинеяси ҳамда Канадага қарши ўйинлар учун таклиф этилган футболчилар рўйхати:

Дарвозабонлар: Александр Лобанов ("Пирузи"), Игнатий Нестеров ("Локомотив), Элдорбек Суюнов ("Насаф");

Ҳимоячилар: Александр Мерзляков ("Бухоро"), Егор Кримец ("Бейжинг Гуоан"), Ислом Тўхтахўжаев ("Локомотив"),  Шуҳрат Мухаммадиев, Шерзод Аъзамов (иккиси "Насаф"), Даврон Ҳошимов ("Пахтакор"), Акром Комилов ("Бунёдкор");

Ярим ҳимоячилар: Азим Аҳмедов, Жавоҳир Соҳибов (иккиси "Пахтакор"), Элдор Шомуродов,  Достон Ҳамдамов, Отабек Шукуров (учаласи "Бунёдкор"), Саламат Кутибоев ("Бухоро"), Сардор Мирзаев, Марат Бикмаев, Сервер Жепаров, Жасур Ҳасанов, Санжар Шоаҳмедов (барчаси "Локомотив");

Ҳужумчилар: Игорь Сергеев ("Пахтакор"), Александр Гейнрих ("Ордабаси")