24 май куни Венада жиноятчиликнинг олдини олиш ва адлия комиссияси 25-сессиясида ёввойи табиатга нисбатан жиноятчилик бўйича биринчи маъруза ўқиб эшиттирилди. Бу ҳақида БМТ янгиликлар маркази хабар берди. 

Маъруза муаллифлари ёввойи флора ва фауна ноёб турларининг ноқонуний савдосида уюшган жиноятчилик тўдалари ҳамда нодавлат қуролланган гуруҳлар иштирок этаётганлигини маълум қилди. Улар нафақат сайёранинг биологик ранг-баранглигига зиён етказишмоқда, балки қуролли можароларни юзага келитиршмоқда. 

БМТ экспертлари ёввойи табиат бойлиги билан ноқонуний савдо қилиш юқори талабга эга эканлигидан ҳамда коррупция ва давлат бошқаруви заифлиги каби омиллар билан тез-тез тўқнашаётганидан хавотирдалар. Улар дунё ҳамжамиятини бир бутун бўлиб флора ва фаунанинг ноёб турларидан шуба ва мебель каби нарсаларни тайёрлашга қарши чиқишга чақирди. 

БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик Бошқармаси бошлиғи Юрий Федотовнинг айтишича, ёввойи табиатга нисбатан содир этилган жиноятчилик трансмиллий жиноятчиликнинг энг мураккаб турига киради. 

Юрий Федотовнинг таъкидлашича, браконьер ва контрабандачиларнинг қўлидан энг кўп жабр кўраётган жониворлар - йўлбарслар, Африка филлари ва каркидонлар. Бироқ жиноятчилар унча машҳур бўлмаган ҳайвонлар ва ноёб ўсимликларга ҳам ҳужум қилишмоқда. 

Маърузада тезкор тергов фаолият доирасида ёввойи табиатга тегишли ноёб ўсимлик ва ҳайвонларнинг ноқонуний савдоси билан боғлиқ 164 минг объект қайтариб олинганлиги таъкидланди. Жиноятчилик фаолиятининг объектлари рўйхатидан дунёнинг 120 мамлакатидаги етти минг хил ўсимлик ва ҳайвонлар ўрин олган.