Чили пойтахти Сантьяго шаҳрида ҳукуматнинг таълим соҳасидаги ислоҳотларига қарши норози бўлаётган талабалар президент саройига ёпирилиб киришди.

Reuters ахборот агентлигининг маълум қилишича, талабалар Чили президентининг расмий қароргоҳи – Ла Монеда саройига асосий кириш орқали киришган. Ёшлар худди сайёҳлар каби кийимда – оловранг бейсболка ва рюкзакларда бўлишган. Улар сарой орқали ўтиб, ички ҳовлига ўтишган ва "Диққат: бугун ҳужум бошланади" деган ёзув бўлган плакатларни намойиш қилишган. Сарой қўриқчилари уларни саройдан чиқариб ташлашга уринишган, бироқ норозилар қаршилик кўрсатган.

"Бугун биз, Чили талабалари, Ла Монедага президент ва Чили ҳукуматини улар таназзулга учраганларидан воқиф қилиш учун кирдик", деб айтди Чили талабалар конфедерацияси вакили.

Ассошиэйтед Пресс ахборот агентлиги маълумотларига кўра, норозилик акциясида ўнлаб талабалар иштирок этган, улардан  19 нафари ҳибсга олинган.

2015 йил декабрида Чилида бепул олий таълим ҳақида қарор қабул қилинганди. Янги меъёр Чилида март ойида бошланган янги ўқув йилидан амал қила бошлаган. Бироқ талабаларнинг айтишича, бу имкониятдан бор-йўғи 14 фоиз талабаларгина фойдалана олишган.