Эквадор президенти Рафаэль Корреа, давлат раҳбарлиги учун келаси йили  бўлиб ўтадиган президентлик сайловида номзодини қўймаслигини тасдиқлади. У 24 май куни миллатга анъанавий мурожаатида шундай баёнот берган. 

"Келаси йили, мана бу минбарда бошқа президент туради. Мен бугун халқимга, охирги марта президент сифатида мурожаат қиляпман", - дея Корреа сўзларидан иқтибос келтирган маҳаллий Universo газетаси. 

"Мамлакат мендан чарчаган. Мен ҳам, тўғрисини айтганда, мамлакатдан дам олишим керак. Эквадорни бошқариш осон иш эмас", - деб қўшимча қилган давлат раҳбари. 

Корреанинг учинчи президентлик мандати келаси йил май ойида поёнига етади. Эквадорнинг аввалги Конституциясига кўра, давлат раҳбари қаторасига икки мартадан кўп сайлана олмас эди. Ўтган йилнинг декабрь ойида эса, мазкур чекловларни бекор қилувчи тузатишлар киритилганди. Аммо бу қоида 2017 йилдан кейинги сайловларда ғолиб чиққан президентлар учун амал қилиши белгилаб қўйилган. 

Бироқ баъзи ҳукуматпараст жамоат ташкилотлари, амалдаги президентга ҳам қайта сайланишга рухсат беришни талаб қилишмоқда. Улар шу мақсадда, имзо тўплаш ишини олиб боришяпти. 

Шу муносабат билан, айрим ОАВда, Корреа тўртинчи маротаба ўз номзодини қўйишга уриниши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди. Эквадор етакчиси эса, бундай миш-мишларни бир неча бор рад этганди.

Куннинг энг асосий ва қизиқ хабарларидан тезкор равишда хабардор бўлиш учун «Kun.uz»нинг Telegram’даги каналига аъзо бўлинг.