Футбол бўйича Эквадор чемпионатининг иккинчи дивизионида «Инди Нэйтив» жамоаси «Пелилео» жамоасига 1:44 ҳисобида мағлуб бўлди. Бу ҳақда El Comercio хабар тарқатди.

Бундай натижадан кейин лига раҳбарияти  «Инди Нэйтив» жамоасини қуйи дивизионга сургун қилган. Қарорнинг сабаби сифатида жамоанинг 2,4 минг долларлик тўловни амалга оширмагани келтирилсада, аслида бунга Эквадор футболи тарихидаги энг йирик ҳисоб қайд этилгани сабаб бўлгани айтилмоқда.

Маълумот учун, дунё футболи тарихидаги энг йирик ҳисоб 2002 йилда қайд этилган. Ўшанда Мадагаскар чемпионати вакили СОЭ «Адема»га қарши ўйинда ўз дарвозаларига ноҳақ равишда пенальти белгиланиши туфайли норозилик акциясини ўтказган ва ўз дарвозасига 90 дақиқа давомида 149та гол уришга улгурганди.