Хитой давлат ядро корпорацияси (China National Nuclear Corp, CNNC) Судан Республикаси сув заҳиралари ва электрлаштириш вазирлиги билан, ушбу мамлакатда қуввати 600 мегаваттлик атом реакторини қуриш бўйича иккита келишувни имзолади. China Daily газетасининг ёзишича, CNNC, шунингдек, Судан ҳукуматига мамлакат атом энергетикасини ривожлантириш режасини ишлаб чиқишда кўмак ҳам беради. 

Томонлар реактор тури, шартнома қиймати ҳамда унинг фойдаланишга топширилиш муддатига ойдинлик киритишмаган бўлса-да, экспертларнинг фикрича, бу Хитой томонидан ишлаб чиқилган учинчи авлод Hualong One атом реактори бўлади. 

"Ҳар ҳолда, ушбу реактор танланган бўлиши керак. Хитой мазкур технологиянинг мамлакат ичкарисида ҳам, хорижда ҳам кенг тарқалишига эришмоқчи", - деб ўз тахминлари билан ўртоқлашган, ХХР табиатни муҳофаза қилиш вазирлиги қошидаги Ядро ва радиация хавфсизлиги маркази бош муҳандиси Чай Гохань.

CNNC раҳбари Сунь Циннинг маълум қилишича, Хитой корпорацияси 2030 йилгача дунёнинг турли мамлакатларида 30та атом энергия блокини ишга туширишни режалаштирмоқда. Булар "Ипак йўли иқтисодий боғичи" стратегик дастури доирасида амалга оширилади. Унинг сўзларига кўра, CNNC Аргентина, Бразилия, Миср, Буюк Британия, Франция ва Иордания каби давлатлар билан келишувларга эришган.

CNNC раҳбарининг қайд этишича, бугунги кунда жаҳоннинг 70дан ортиқ мамлакати ядро энергетикасини ривожлантирмоқда. 2020 йилга келиб, ушбу давлатларда 130дан ортиқ АЭСнинг ядровий энергетика блоки қурилиб, фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. 

Хитойнинг ўзида 28 ГВт қувватга эга 30та атом энергия блоки мавжуд бўлиб, яна 24тасида қурилиш ишлари олиб борилмоқда.