Истанбулда ўтган саммит муҳожирлар болаларига нима енгиллик беради?

Жаҳон 25 Май 2016 2396

Истанбулда БМТнинг гуманитар масалаларга бағишланган икки кунлик саммитида сайёрамизда ёрдамга муҳтожликда яшаётган инсонларнинг бахт-саодати йўлида биргаликда ҳамкорлик қилишга келишиб олинди. Анжуман БМТ бош котиби Пан Ги Мун ташаббуси билан ўтказилди. Бироқ бош котиб анжуманда бир қатор ривожланган мамлакатларнинг раҳбарлари иштирок этмаганидан афсусда эканлигини таъкидлади. Саммит ниҳоясига етган бўлишига қарамай бир қатор саволлар жавобсиз қолди. “Юксак минбардан идрок этилган нутқлар, ваъдалар бажариладими ёки қоғозда қолиб кетадими?”, деган саволларга ҳозирча жавоб топилгани йўқ. Анжуманда ватанларидан айрилган муҳожир болаларнинг таълими билан боғлиқ масала кўтариб чиқилди ва уларга ёрдам бериш мақсадида махсус жамғарма ташкил этиладиган бўлди.

БМТ мутахассисларининг сўзларига қараганда, бугунги кунда 75 миллионга яқин бола ўз мамлакатларида кузатилаётган қуролли тўқнашув ва табиий офатлар туфайли азият чекмоқда ва бу ҳолат уларнинг билим олиш имкониятидан маҳрум қилган. Муҳожирликни бўйнига олган болаларнинг билим олиш ҳуқуқига эга эканлигини БМТ ва Европа Иттифоқи амалдорлари тушуниб етган. БМТ вакилларининг айтишича, муҳожирларнинг болаларига таълим бериш орқали уларга порлоқ келажак совға қилинади ҳамда болаларнинг радикал гуруҳлар сафларига кириб қолишининг олди олинади. Шунингдек, яхши ҳаёт орзусида болаларнинг Европа сари йўлга чиқишларига барҳам беради. Гуманитар ёрдамлар бўйича еврокомиссар Христос Стилианидиснинг фикрича, ўзи раҳбарлик қилаётган ташкилот муҳожир болаларнинг таълим олиши учун жорий қилинган дастур бюджетини 4 баробар кўпайтиришга қарор қилган. Унинг айтишича, таълим бериш орқали муҳожир болаларни радикаллашишидан, меҳнат қилишга мажбурлашдан, қизларни эрта турмушга узатилишидан ҳимоя қилар экан.

Таъкидланганидек, бугунги кунда жаҳонда муҳожирлар билан боғлиқ глобал инқироз кузатилмоқда. Инқироз нафақат катталарни, балки болаларни ҳам ўз домига тортмоқда.

БМТнинг Болалар Жамғармаси (ЮНИСЕФ) ўз мамлакатларидаги инқирозли вазиятлар туфайли илм олишдан бебаҳра қолаётган болаларнинг таълим олишини қўллаб-қувватлаш мақсадида 3,85 миллиард доллар тўплашга қарор қилди. ЮНИСЕФ берган баёнотда фавқулодда вазиятлар сабаб билим олишдан маҳрум бўлган 75 миллион боланинг ҳаётидан ташвиш билдирилади. “Таълим кутиб тура олмайди” (Education Cannot Wait) деб номланган жамғарманинг асосий мақсади инқирозли мамлакатларда нима бўлишдан қатьи назар болаларнинг таълим олишини таъминлашдан иборатдир. Айни дамда бир қатор инсонпарварлик масалалари билан шуғулланувчи АҚШ, Норвегия ва Европа Иттифоқидаги ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлари жамғармага маблағ ўтказишган. ЮНЕСКО бош директори Ирина Бокова “Таълим кутиб тура олмайди” жамғармасининг тузилишини олқишлаган ва қўллаб-қувватлашини билдирган. Унинг сўзларига қараганда, турли мажоролар, табиий офатлар оқибатида ўз юртларини ташлаб чиқишга мажбур бўлган миллионлаб болаларнинг таълим олиш ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида зудлик билан зарур чора-тадбирларни кўриш керак. Янги жамғарма бу масалаларни ҳал қилишга қаратилган. Жамғарма яқин беш йил давомида 3,85 миллиард доллар тўплаб, 13,6 миллион боланинг таълим олишини таъминлаши керак. Жамғарма 2030 йилга бориб 75 миллион боланинг таълим олишига ёрдам кўрсатишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Таҳлилчиларнинг фикрича, бугунги кунда мактаб ёшидаги ҳар тўрт боладан бири инқирозлар давом этаётган минтақаларда истиқомат қилади. Бу тахминан ярим миллиард боланинг таълим олишдан бебаҳра экани ёки сифатсиз таълим олишга мажбурлигини, шунингдек, ҳар қандай вазиятда ўқитишни ташлаши мумкинлигини англатади.

Халқаро ҳамжамият томонидан гуманитар муаммоларни бартараф этишга ажратилаётган маблағларнинг атиги 2 фоизинигина муҳожир болаларнинг таълим олишига сарфланиши айтилади. Ирина Бокованинг айтишича, тўпланган маблағларнинг 10 фоизини болаларнинг таълими йўлида сарфлаш керак.

Яқинда “Ўзимизни оқламайлик” деб номланган ҳисобот эълон қилинди. Унга кўра, муҳожир болаларнинг атиги 50 фоизигина бошланғич мактабга қатнайди. Ўрта мактабга эса муҳожир болаларнинг атиги 25 фоизи бориши айтилади. Ҳисоботга кўра, 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган ҳар тўрт боланинг биттаси гуманитар инқироз кузатилаётган мамлакатда истиқомат қилар экан. Сўнгги беш йилда Сурияда 6 мингта мактаб вайрон бўлди. ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, Украина шарқида эса ҳар бешта мактабдан бири бузилган ёки зиён кўрган.

1945 йилда дунёни урушлардан халос қилиш мақсадида БМТ ташкил этилган ва келажакда одамларни эркин ва қўрқувлардан ҳоли яшашига ваъда берган эди. Минг афсуски, дунёнинг у ёки бу бурчагида ҳамон урушлар давом этмоқда. Қуролли тўқнашувлар, ўз навбатида, болаларнинг таълим олишига тўсиқ бўлмоқда. Қуролли тўқнашув ва беқарорликлар туфайли 4,5 миллион бола Сурия, Афғонистон, Сомали, Судан ва Жанубий Суданни тарк этган. Низолар давом этаётган минтақаларда қолиб кетган болаларнинг ҳаёти хавф остида экани айтилади. Гоҳида болалар ўлдирилади. Ўғирланган болалар эса жангарилар сафида фаолият юритишга мажбур қилинади. Айримлари қуллика сотиб юборилади. Қуролли мажоро, зўравонлик, очлик ва қулликдан ер юзида миллионлаб болалар азият чекмоқда.

21-асрда муҳожир болаларнинг янги масканларига ўрганиши ҳам бир қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда. Уларнинг тил ўрганиши ва таълим олиш жараёнларида мураккабликлар кузатилмоқда. Киндик қони тўкилган юртларидан янги жойга келган болалар ўзлари учун мутлоқо ёт бўлган турмуш тарзига ўрганишга қийналмоқда. Айрим ҳолларда янги турмуш тарзини, янги маданиятни қабул қила олишмаяпти. Шу сабабли ҳам муҳожир болаларга ҳар томонлама кўмак бериш муҳим вазифалардан бири экани тан олинади.


Шарофиддин Тўлаганов

Кун янгиликлари
«Qorako'l Ziyo-Nur» ўқув маркази ўқувчиларининг 92,6 % талабалар сафига қабул қилинди
08:17 6995 Lifestyle
Ҳафта дайжести: 50 минг сўмлик пул, мактаб формаси, бепарво МИБ, қотил ушланди, кирилл-лотин машмашаси, Барселонадаги теракт...
00:16 18873 Жаҳон
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 44742 Жамият
Кун.uz офис изламоқда
15:48 / 06.08.2017 46461 Lifestyle
Балиқни саноат йўли билан овлаш учун қандай участка олиш мумкин?
11:18 477 Жамият
Россия Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан ҳарбий машғулотлар ўтказади
10:45 2134 Жаҳон
Видео: АҚШда асосчи оталар монументини йўқ қилишни исташмоқда
10:40 2831 Жаҳон
Андижон вилоятида йирик миқдорда ўғирлик қилган аёл ушланди
10:33 3668 Жамият
Неймар: «Барселона»да шундай раҳбарият бор экани жуда қайғули
10:31 4720 Спорт
Жанубий Корея президенти: АҚШ билан машқлар кескинликни оширишга йўналтирилмаган 
10:23 1333 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар