Немис журнали Ўзбекистондаги мусиқий таълим тизимини юқори баҳолади

Ўзбекистон 25 Май 2016 3348

Германиянинг Шветцинген (Баден-Вюртемберг) шаҳрида ўзбек ва немис классик мусиқаси ижрочиларининг ҳамкорликдаги концерти бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майндаги Бош консуллиги билан бирга Шветцинген маъмурияти ҳамда маҳаллий мусиқа мактаби томонидан ташкил қилинган. 

Мазкур тадбир Германия матбуотида кенг ёритилган. Жумладан, Баден-Вюртемберг федерал ёрининг Schwetzinger Woche журналида Palais Hirsch Schwetzingen номли қадимий саройда немис ва ўзбек классикларининг асарлари янграгани ҳамда болалар ва ўсмирлар учун "мастер-класс" сабоқлари ташкиллаштирилгани ҳақида хабар берилган. 

Мақолада мамлакатимизнинг мусиқий таълим тизими юқори баҳоланган. Хусусан, дунё мусиқа санъати юқори профессионал даражада ўргатиладиган ҳамда бир йилда 300дан ортиқ классик мусиқа концерти ўтказиладиган мамлакатдаги ягона олий таълим муассасаси - Ўзбекистон Давлат консерваторияси фаолияти алоҳида қайд этилган. 

Ўсиб келаётган авлоднинг истеъдодини ривожлантириш ва уларнинг маданийлик даражасини юксалтириш, ёшларнинг кенг миқёсда миллий ва дунё мусиқа санъати намуналарига жалб қилиниши учун зарур шарт-шароит яратиш - Ўзбекистон таълим тизимининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Ёш ўзбек мусиқачиларининг нуфузли халқаро танлов ва фестивалларда ғалаба қозониши бунинг яққол далилидир.

Кўпроқ янгиликлар