Франция президенти Франсуа Олланд украиналик учувчи Надежда Савченконинг озодликка чиқиб, ватанига қайтишини Минск келишувларидаги навбатдаги қадам сифатида баҳолади. Бу ҳақда Елисей саройидаги манбага асосланган ҳолда РИА Новости хабар тарқатди.

Учувчининг озод этилиши, яъни унинг Украинада асир тушган россиялик ҳарбийларга алмаштирилиши бўйича келишувга 23 май куни "норманд тўртлиги" форматида Украина, Франция, Россия ва Германия раҳбарлари ўртасида ўтказилган телефон мулоқоти натижасида эришилган.

"Франция президенти асирлар алмашуви бўйича жараён муваффақиятли тарзда амалга ошганини қутлайди", дейилган хабарда.

Олланд бу алмашув Минск келишувларидаги муҳим воқеага айланганини таъкидлаган.